Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўз салоҳиятини тўлақонли намойиш қилган талабалар корхонага ишга олинади

Сув таъминотини яхшилаш ва малакали мутахассисларни соҳага жалб қилиш бугуннинг муҳим талаблари. Аммо бу соҳага етарлича эътибор қаратиляптими? Самарқанд архитектура-қурилиш институтида, сув таъминоти, канализация ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш факультети ҳамда “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Самарқанд шаҳар мутахассислари учрашиб, соҳага оид янгиликлар борасида давра суҳбати ўтказишди.

- Замон ривожлангани сари, барча соҳалар ҳам илдамлаб бормоқда. Жумладан, сув тизими соҳаси ҳам. Мамлакатимиздаги олиб борилаётган ислоҳотлар, бу соҳага ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Янги технологиялар, инновацион ёндашувлар аста-секинлик билан бизнинг тизимга ҳам кириб келмоқда. Ўз навбатида,  бажараётган ишимизга нисбатдан аҳолининг талаби ҳам ортиб бормоқда. Шунинг учун ёш, жўшқин, билимли ёшларни соҳага қамраб олсак, бу янгиланишлар билан қадамба-қадам юриш имконига эга бўламиз,  – дейди учрашувда “Сувоқова” ДУК Самарқанд шаҳар филиали раҳбари Жавоҳир Зокиров.

Тадбирда олийгоҳ раҳбарияти ва “Сувоқова” ДУК талабаларнинг амалиёт ўташлиги борасида ҳам келишиб олишди. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, амалиёт вақтида ўз салоҳиятини тўлақонли намойиш қилган талабалар корхонага ишга олинади.

Азизбек ҚУРБОНОВ.