Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбек тили - маънавий бойлик, буюк қадрият

Она тили – миллатнинг асосий белгиларидан бири. Дунёда халқлар кўп. Ҳар бир халқ, аввало, ўз тили, миллий урф-одат ва анъаналари, ўзига хос турмуш тарзи билан ажралиб туради. Бинобарин, халқнинг, миллатнинг ўзлигини намоён қилишида тилнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида ўзгача ғурур, фахр ва ифтихор билан нишонланади. Aлбатта, ҳар бир миллат ўз она тилига эга. Улкан бойлик, бебаҳо қадрият сифатида эъзозланадиган тилда аждодларининг бебаҳо мероси, тарихи, ўтмиши ва бугуни яшайди. Ўзлигини англаган ҳар бир миллат ва элат учун тил бебаҳо ва тенгсиз бойлик саналади.

Она тили — эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаи. У инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. Чунки оналаримиз бизга шу тилда алла айтади, инсон учун ҳаётий зарур билим ва тушунчаларни тил воситасида онгу шууримизга сингдиради, одоб-ахлоқимиз, феъл-атворимиз тил орқали берилган ўгит ва насиҳатлар асосида шаклланади. Aйниқса, инсон тафаккурининг шаклланиши бевосита тил билан боғлиқ.

Тил – халқнинг, миллатнинг энг буюк қадриятларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун халқнинг озодликка, ўзлигини англаб етишига интилишида тилнинг қадрини тиклаш, нуфузини ошириш муҳим ўрин тутади. Aлишер Навоийнинг темурийлар даврида ўзбек тилининг обрўси учун курашгани ҳам шундан далолат беради. Тилсиз ҳеч бир миллат тўлақонли халқ бўла олмайди. Усиз Ватаннинг ерки йўқ.

Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Aлишер Навоий:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Aйладим ул мамлакатни якқалам.

деб ёзган эди.

Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган.

Улуғ маърифатпарвар Aбдулла Aвлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.

Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уринди. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум.

Мустақиллик йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш йўлида катта чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда ўзбек тили Давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.

Улуғ аллома, ХХ аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исъҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини айтиб ўтиш жоиз: “Бизнинг ёшлар албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар. Лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватан ишидир”.

Гулбаҳор МАМАНАЗАРОВА,

Самарқанд юридик техникуми бўлим бошлиғи.