Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон “Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси” бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни имзолади

Бугун, 9 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева “Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси” бўйича саъй-ҳаракатга чақириқнинг Ўзбекистон томонидан имзоланиши маросимида иштирок этди ҳамда видеомурожаат йўллади, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил февраль ойида АҚШ президенти маслаҳатчиси И.Трамп “Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси” билан чиқди. Мазкур ташаббус дунё бўйлаб аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 18 та йўналишдан иборат бўлиб, 122 миллион АҚШ доллари қийматидаги бюджетга эга.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада қатор ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Имзоланган ҳужжатнинг мақсад ва тамойиллари мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.

Бу ташаббус дунёда гендер тенгликни таъминлаш ишига салмоқли ҳисса қўшади.

Мазкур ҳужжат аёлларни мамлакат иқтисодий ҳаётида тўлақонли, эркин иштирок этиши, иқтисодий ўсиш, барқарорлик ва тинчлик учун янада кўпроқ хизмат кўрсатишларига имкониятлар очади.

Ўзбекистон эса мазкур йўналишда халқаро миқёсда манфаатли ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.