Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ижодий имтиҳонлар қандай ташкил этилади?

2020/2021-ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланиш арафасида.  Пандемия даврида карантин, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилган ҳолда, тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун имтиҳонлар 11 июлдан 20 июлга қадар, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун 25 июлдан 10 августгача бўлган вақт оралиғида ўтказилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг хабар беришича, карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида имтиҳонлар касбий (ижодий) ҳамда касбий (ижодий)+тест йўналишида ташкил этилади. Тўлиқ ижодий имтиҳон асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда абитуриентлар шу пайтга қадар махсус ва умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари сузиш бўйича ҳам имтиҳон топшириб келишар эди. Жорий йилги қабул мавсумида абитуриентлар фақат махсус ва умумий жисмоний тайёргарлик бўйича имтиҳон топширади, сузиш йўналиши мажбурий имтиҳонлардан олиб ташланади.

Ижодий ва тест имтиҳонлари (педагогик таълим йўналиши) асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда эса ижодий имтиҳонларнинг фақат биттаси (махсус жисмоний тайёргарлик) сақлаб қолинади ва қўшимча тест топширилади. Бу ҳолатда ижодий имтиҳон учун абитуриентлар максимал 93 балл, тестдан эса 96 балл жамғариши мумкин.

Маълумот учун, абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.