Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон делегацияси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси сессиясида иштирок этмоқда

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Унда Озарбойжоннинг биринчи вице-президенти, ЮНЕСКО кўнгилли элчиси Меҳрибон Алиева иштирок этди. Шунингдек, ЮНЕСКО бош директори Одре Азуле, ташкилотнинг Ижро кенгаши раиси Ли Бен Хён ва Озарбойжон республикаси маданият вазири Абулфас Гараев ҳам сўзга чиқишди. Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясида Ўзбекистондан ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда. Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида дунёнинг 180дан ортиқ мамлакатидан 2500дан зиёд киши - вазирлар, ЮНЕСКО элчилари, тегишли ташкилотларнинг бош директорлари, халқаро тузилмаларнинг Озарбойжондаги элчилари ва мамлакат ҳукумати аъзолари қатнашмоқда.

Қўмитанинг Бокудаги сессиясида ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун 42 аризадан 36 тақдимот кўриб чиқилади.  Булардан 6 таклиф - табиий меросга, 28таси - маданий меросга ва 2таси аралаш (табиий ва маданий) меросга тааллуқли. Икки кунлик сессия доирасида Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари ЮНЕСКО бош директори Одре Озуле, Озарбойжон бош вазир ўринбосари Д.Аҳмедов, маданият вазири А.Гараев, таълим вазири Д.Байрамов, Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги раиси Ф.Нагиев, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори М.Рёсслер ҳамда Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо 21 мамлакат делегациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида кўп босқичли ва самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг октябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО штаб-квартирасига ташрифи давомида имзоланган «Мамлакатлар дастури» доирасида маданият,  таълим,  илм-фан ва АКТ ривожи каби йўналишларга оид муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Томонлар ўртасида Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий маданий меросини асраш масалалари бўйича йўлга қўйилган конструктив мулоқотни алоҳида таъкидлаш жоиз, бу республика томонидан ратификация қилинган барча нормалар ҳамда ЮНЕСКОнинг ушбу йўналишдаги тавсияларини тўлиқ таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ректори сифатида Озарбойжон туризм ва менежмент университети билан таълим ва илм-фан бўйича Англашув меморандумини имзолаши кутилмоқда. 

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон томоннинг таклифи билан ИКОМОС таркибидаги юқори реактив мониторинг миссияси Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлди ва 2016 йил охиридан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган ижобий чораларни расман қайд этди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, 2018 йил 16 январдаги «Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида»ги топшириғи, ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларини муҳофазалаш» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия фаолиятини такомиллаштириш»га доир қарорлари (09.06.2018) қабул қилинди. Ўзбекистон Республика Маданият вазирлигида ЮНЕСКО ишлари бўйича махсус бўлим очилди. Бугунга келиб мамлакатда жойлашган бутунжаҳон мероси объектларида барча турдаги қурилиш ишлари мораторийси амал қилмоқда. Республика парламентига бутунжаҳон мероси объектларида носанкцион олиб бориладиган ишлар учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди.

Қўмитанинг Бокуда ўтаётган сессияси давомида Ўзбекистон делегациясининг Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухородаги маданий меросни сақлаш билан боғлиқ ҳисоботлари кўриб чиқилади. Муҳокамалар якуни бўйича Қўмитанинг жаҳон мероси объектларини сақлашга доир тегишли қарор ва тавсиялари қабул қилинади. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати қадимий шаҳарларидаги маданий меросни сақлаш масалаларида нуфузли халқаро экспертлар билан иш олиб бормоқда. Хусусан, Франциянинг машҳур Шаҳарни режалаштириш институти мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, улар Самарқанд шаҳрининг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ишлаб чиқишда кўмак беришмоқда. Ҳужжатлар ЮНЕСКО халқаро стандартлари ва талабларига тўлиқ мувофиқ келади. Шаҳрисабзда ИКОМОС халқаро экспертлари билан ҳамкорликда жаҳон мероси чегараларини ўлчаш ҳамда шаҳар қиёфасини унинг халқаро мақомига мувофиқ ўзгартиришга доир аниқ режалар ишлаб чиқилади. Ўзбекистон улкан ва ноёб маданий меросга эга бўлиб, бу уларни консервациялаш, асраш ва реставрация қилишга оид кундалик машаққатли меҳнатни талаб қилади. Шу муносабат билан жорий йилнинг августида Самарқандда ЮНЕСКО шафелиги остида моддий ва номоддий меросни асрашга доир халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Унда ЮНЕСКО бош директори Одри Озуле ва 45 мамлакатнинг шу соҳада фаолият юритувчи 200дан зиёд олим, эксперт ва мутахассислари иштироки кутилмоқда. Мазкур конференция маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий меросни сақлашни таъминлаш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш, бу йўналишдаги давлат ва жамоатчилик ташкилотлари фаолиятининг асосий векторларини аниқлаш имконини беради», дейилади Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида жойлаштирилган маълумотда.