Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Италиядан биринчи “визасиз” сайёҳни кутиб олди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Милан — Тошкент йўналиши қатновида пойтахтимизга визасиз ташриф буюрган илк сайёҳ учиб келди. Бу ҳақда Миллий авиакомпания Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва япониялик фуқаролар учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилган эди. Мазкур рўйхатга март ойида Тожикистон, октябрда Франция киритилади. 2019 йил 1 февралдан эса, мамлакат ҳудудига кирган кунидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим яна 45 та давлат фуқаролари учун амалга киритилди. Ушбу рўйхатда Италия Республикаси ҳам бор.

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида биринчи “визасиз” сайёҳни Миллий авиакомпания ҳамда пойтахт аэропорти вакиллари эсдалик совғалари ва авиакомпаниянинг реклама маҳсулотлари билан кутиб олишди.

Мамлакатимизга илк бор ташриф буюрган италиялик меҳмон Гиглио Массимо бир ҳафталик сафари давомида пойтахтнинг диққатга сазовор барча масканига ташриф буюриб, минтақамиз бой тарихига чуқурроқ назар ташлашни режалаштирмоқда. У Ўзбекистон ҳамда унинг қадимий тарихи ҳақида кўп эшитганлиги ва визасиз режим жорий этилганини билганидан сўнг ҳаммасини ўз кўзи билан кўришга қарор қилганини айтди.

Манба: Xs.uz