Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон кубоги баҳсида самарқандлик гимнастикачилар иккинчи бўлди

Самарқанд шаҳрида бадиий гимнастика бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.

Мусобақа Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 150 нафардан ортиқ маҳоратли бадиий гимнастикачилар, спорт усталигига номзодлар ва спорт усталари яккалик баҳсларида, шунингдек, жамоавий беллашувларда ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан карантин даврида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган онлайн мусобақа ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Улар орасида 10 га яқин вилоятимиз гимнастикачилари ҳам бор.

Нафосат беллашувида мактабимиз тарбияланувчилари ҳам муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз терма жамоасига қабул қилинди, - дейди  Самарқанд шаҳар 2-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Бекзод Пўлатов. – Айниқса, Тахмина Икромова, Асал Аҳмедова, Савадиян Вилана, Амалия Мамедова, Феруза Сайдуллаева каби маҳоратли гимнастикачиларимиз энг яхши натижага эришди.

 

Қизақарли кечган кубок мусобақаси якунида умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳридан келган гимнастикачи қизлар кубок соҳиби бўлди. Самарқандликлар ҳамда бухорликлар иккинчи ва учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.