Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон яшаш учун энг арзон мамлакатлардан бири деб топилди

Ўзбекистон дунёда яшаш учун энг арзон мамлакатлардан бири деб топилди. Бу ҳақида Numbeo портали хабар берди деб ёзмоқда Sputnik.

Аслида ушбу рейтинг “Яшаш нархи рейтинги” деб аталади. Уни аниқлаш учун дунёдаги 136 та мамлакатда инсон яшаши учун керак бўладиган асосий харажат турларини аниқлаб, уларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб чиққан.

Рейтингни ҳисоблашда, яъни озиқ-овқат нархи, турар жой ижара тўловлари, ипотека тўловлари, транспорт ва суғурта тўловлари, ресторанлар нархи ҳамда маҳаллий аҳолининг ўртача маоши,  сотиб олиш имкониятлари миқдори ҳисоблаб чиқилган.

Рейтинг жадвалида кўрсатилган рақамлар бу – баллардир. Баллар Нью Йорк шаҳри яшаш индексига нисбатан аниқланган. Яъни Нью Йорк шаҳрида яшаш индекси – 100 балл, пул қийматида - 4600 $ деб белгиланган.

Бошқа давлатларда ушбу индекс у ерда яшаш Нью Йоркдан қиммат ёки арзонлигини билдиради. Масалан, Швейцария – 122 балл олган. Демак ушбу мамлакатда бир киши ёки оила учун бир ойлик яшаш харажатлари Нью Йоркдан  22% қиммат, яъни - 5612 $ ни ташкил қилади.

Ўзбекистон эса рейтингда 25 балл олган. Демак Ўзбекистонда яшаш Нью Йоркка нисбатан 4 баравар арзон, яъни 1150 $.

Numbeoга кўра Ўзбекистон дунёдаги яшаш учун энг арзон бўлган мамлакатлар орасида - 6 ўринни эгаллаган. Олдинда фақат Покистон, Афғонистон, Сурия ва Ҳиндистон каби мамлакатларни кўриш мумкин.

Қўшни Қирғизистонда яшаш Ўзбекистондан кўра қимматроқ – 28 балл, Қозоғистонда – 30,  Украина – 30 балл.

Ўртача индексли мамлакатлар – Туркия (35 балл), Индонезия (36), Россия (38), Польша (39), Хитой (40), Эрон (41), Литва (45), Чехия (45). Энг қиммат мамлакатлар эса – Норвегия (104), Япония (85), Голландия (83), Сингапур (80), Исроил (79)ва Жанубий Корея (75).