Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда қимматли қоғозларнинг неча фоизини давлат тасарруф этади?

Мамлакатимизда ҳозирда 600 та қимматли қоғозлар чиқарилган жамиятлар бор ва уларнинг жами номинал қиймати 60 триллион сўмни ташкил қилади. Республика миқёсида 800 мингга яқин акциядор рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 37 мингтаси юридик ва 763 минг нафар жисмоний шахслар акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари соҳиби ҳисобланади. 

Бу маълумотлар Самарқанд шаҳрида капитал бозорни ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлар, акциядорлар, аудиторлар, акциядорлик жамиятлари вакиллари иштирокида “Капитал бозорининг ривожланиш омиллари” мавзусида ўтказилган семинарда билдирилди.

Семинарда тадбиркор ва лойиҳачиларга бизнес ғоясини ривожлантиришда фақат банкнинг кредит  маблағига қарам бўлмасдан жамиятнинг қимматли қоғозларини чиқариш, уларни IPO ва SPO усулида сотиб маблағ жалб қилиш, бизнес режани амалга ошириш ҳамда аҳолига дивидентлар орқали даромад манбаини кенгайтириш, давлат улушини камайтириш орқали миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тушунчалар берилди.

- Мамлакатимизда чиқарилган акцияларнинг 87 фоизи бевосита ва билвосита давлатга тегишли бўлиб қолмоқда, - дейди Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Асқар Обидов. – 763 мингта жисмоний шахс эса мавжуд қимматли қоғозларнинг атиги 5 фоизига эгалик қилади. Аммо уларнинг ҳам аксарияти ихтиёрсиз ҳолда акциядорга айлантирилган. Шунинг учун мамлакатимиз янги соҳа ҳисобланган Капитал бозорни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш зарур ва бу борада тегишли юридик ҳужжат ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бу йўналишда, аввало, фуқароларнинг акция ва облигация, қимматли қоғозлар борасидаги тушунчасини оширишга эътибор қаратишимиз лозим.

Ў.Худойбердиев.