Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик ижодкорлар Беларусь пойтахтида

Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида  ХХХI анъанавий халқаро китоб кўргазмасида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ижодкорлари ҳам фаол иштирок этди.

Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олим ва таржимонлар иштирокида бешинчи бор ўказилган тадбирда адабиётнинг ўрни, сўзнинг қадри ва ижодкорнинг фаоллиги хусусида сўз борди. Ташкил этилган ижодий кўргазма доирасида “Ёзувчи ва давр” мавзусида симпозиум бўлиб ўтди. Унда ўттиздан ортиқ мамлакатдан келган ноширлар ўз маҳсулотларини намойиш этди.

Тадбирда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходими Р.Ҳайдарова, ижодкор А.Мамасолиев ўзбек адабиёти тарихи ва бугуни ҳақида маъруза қилди.

Беларусь давлат университетининг журналистика факультети профессори Виктор Ивченков ўзбекистонлик ижодкорлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу борада Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилгани, бу эса журналистлар ўртасидаги алоқаларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида шоир Сирожиддин Рауф ҳамда Рисолат Ҳайдарованинг беларусь ижодкорларининг асарларини ўзбек тилига қилинган таржималари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Беларусь Ёзувчилар уюшмаси кутубхонасига ўзбек адибларининг китоблари туҳфа этилди ва Минск шаҳрида жойлашган “Дўстлик” китоб дўконида мамлакатимиз нашриётларида чоп этилган асарларни намойиш этувчи махсус бурчак ташкил этилди. Шунингдек, Беларусь Республикасининг “Белкнига” ва “Шарқ зиёкори” китоб дўконлари ўртасида ижодий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Нодир СУВОНОВ,

 “Машҳур-пресс” нашриёти директори,

  Тошкент- Минск.