Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик ва украиналик жуфтлик Германияда оила қурди

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳар бир инсон ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири нишонланадиган масканга айланиб, бу ерда Европада вақтинча яшаб келаётган ёки таҳсил олаётган юртдошларимиз никоҳини қайд этиш маросимларини ўтказиш тобора анъана тусини олмоқда.

Элчихонанинг консуллик бўлими фуқаролик муносабатларини расмийлаштириш бўйича кенг ваколатларга эга бўлиб, хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний никоҳларини ҳам рўйхатга олмоқда. Берлинда жойлашган дипломатик ваколатхонамизнинг ҳашаматли биноси эса ушбу тантаналарни нишонлаш учун жуда мос келади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, фуқароларимиз ва улар билан турмуш қураётган чет элликлар ўзбек дипломатларининг самимияти ҳамда ортиқча расмиятчиликка йўл қўймаслигини қадрлашади.

Германияда истиқомат қиладиган Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Хўжаев ва Украина фуқароси Анастасия Бабенко яқинда ўз муносабатларини Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ элчихонамизда расман қайд этди.

Анастасия Украина элчихонасида никоҳни қайд этиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан ушбу жараённи айнан Ўзбекистон элчихонасида амалга оширишни афзал кўрар экан, бу ерда ўзгача меҳр ва самимиятни ҳис этганини алоҳида таъкидлади.

Чехия ва Эстония олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Акмалиддин Алимов ва Шаҳло Алихонова ҳам никоҳни мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонада расмийлаштиришга қарор қилди.

“Чехияда таҳсил ола туриб, мен Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси консуллик рўйхатида тураман. Барча консуллик масалаларини, одатда, бу ерда тез ва ўз вақтида ҳал қилиб беришади. Биз элчихонада никоҳдан ўтиш имконияти мавжудлиги ҳақида эшитган эдик. Бугун эса ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда, бу ерда яратилган қулай шарт-шароитлардан мамнун бўлдик”, - дейди Шаҳло.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари томонидан кўрсатилаётган кенг кўламли хизмат турларидан бири бўлган ёш оилалар никоҳини қайд этиш бугунги кунда тобора оммалашиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртдошларимиз Ватандан олисда бўлишига қарамасдан, давлатимиз томонидан яратилаётган барча имкониятлардан унумли фойдаланаётганликларини англатади.