Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Озон қатламини ҳимоя қилиш масалаларини мутахассислар 2020 йилда Ўзбекистонда муҳокама қилади

2020 йилда Тошкентда Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколини амалга ошириш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Пекинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда айтган, деб хабар бермоқда minbar.uz.

Шунингдек, октябрда Нукусда Оролбўйида экологик инновация ва технологияларни ривожлантириш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясига Орол денгизи ҳудудини "Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди" сифатида эълон қилишга доир махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқади.

Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколи озон қатламини емирувчи бир қатор кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришдан олиб ташлашга қаратилган.

Агар протоколни имзолаган мамлакатлар келажакда ҳам қўллаб-қувватлашса, 2050 йилга бориб озон қатлами тикланиши мумкин. БМТ собиқ бош котиби Кофи Аннан (1997-2006) таъкидлаганидек, "энг муваффақиятли ягона халқаро келишув сифатида Монреал протоколини айтиш мумкин".

Ўзбекистон Монреал протоколини 1993 йилда имзолаган.