Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пандемия даврида ундан ҳам хавфлироқ нарса пайдо бўлди — «ИНФОДЕМИЯ». У нима?

Нозима Муратова, филология фанлари номзоди, доцент:

➖ Биласизми, дунё тарихида пандемия биринчи ҳолат эмас. Дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда вабо касали тарқалгани билан боғлиқ ҳолатлар аввал бўлган. Лекин инфодемия айнан бугун Ўзбекистонда, дунёда ахборот соҳасида қайд этиляпти.

Сабаби шуки, «Ахборот жамияти назариялари» китоби муаллифи Френк Вебстер шундай дейди: XХI асрда инсонлар медиа тўйинган жамиятда яшаяпти, яъни оммавий ахборот воситалари, ахборот бизни батамом қуршаб олган. Айнан шу ҳолатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти "инфодемия" деган терминологияни (оммавий истеъмолга) киритяпти.

Бу оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, фуқаролик журналистикаси сайтларида, фуқаролик журналистларининг позицияларида битта мавзунинг жуда кўп берилиши ва шу мавзуга оид фактларнинг, муносабатларнинг, берилаётган ахборотларнинг керагидан ортиқ, ҳаттоки, инсонларга эмоционал босим ўтказиш даражасига чиққани билан ифодаланади.

ЖССТ бекорга бу терминологияни қўлламаяпти. Сабаби — пандемия инсонларни физиологик нуқтаи назардан касал қилган бўлса, инфодемия инсонларнинг руҳий ҳолатига таъсир қиляпти, ваҳимага олиб келяпти.

Берилаётган ахборотларнинг тури, кўлами, вақти нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бугун оммавий ахборот воситаларининг аудиторияга таъсири чекланмаган. Биз эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ярим тунда ҳам, ҳар соатда, ҳар доим, ҳар қаерда бўлишимиздан қатъий назар ахборот билан таъминланганмиз.

Ахборотнинг айнан пандемия мавзусига оид экани, айнан пандемия мавзусидаги негатив маълумотларнинг кўпайиши, пандемия билан боғлиқ ҳолатларнинг айрим ҳолларда бўрттирилиши аудиториянинг эмоционал ҳолатига қайсидир маънода путур етказаётгани, уйда ўтириб, изоляцияда бўлган аҳолини ахборот билан таъминлашда бирёқламаликнинг кўзга ташланиши ва буларнинг руҳий таъсир ўтказаётгани билан ифодаланади. Айнан шунинг учун ҳам XХI аср медиа оламида, ҳатто соғлиқни сақлаш тизимида инфодемия деган тушунча юзага келди ва бу тушунча медиа маконда ўртага ташланди.