Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғом туманида ДХМнинг олтинчи филиали иш бошлади

23 йилдан буён туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган фуқарога бу ҳужжат тантанали тадбирда топширилди.

Тумандаги Олтиқаҳрамон маҳалласида яшовчи Хайринисо Муродованинг тўрт нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғининг бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолиши оқибатида оила тебратиш масъулияти Хайринисо опанинг зиммасига тушади. Айнан ўша пайтларда оилада кенжа фарзанди Дамин Эргашев дунёга келади. Рўзғор ташвишлари билан бўлган она кенжа фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишга имкон тополмайди. Шу тариқа орадан 23 йил вақт ўтади. Шу ёшгача фарзандига гувоҳнома олмаган Хайринисо опа Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасига мурожаат қилди. Мурожаат тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб Дамин Эргашевга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилиши таъминланди.

Бугун Паст Дарғом тумани марказидан 15 километр узоқликда жойлашган Олтиқаҳрамон маҳалласида Давлат хизматлари марказининг филилали иш бошлади. Филиалнинг очилиш маросимида айнан Дамин Эргашевга 2-ФҲДЁ бўлими инспектори томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома сайёр тартибда топширилди. Шунингдек, маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож яна бир оила фарзанди ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди.

Бугунги кунда Олтиқаҳрамон ҳамда унга яқин 14 та маҳаллаларда 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Эндиликда ушбу ҳудуд аҳолиси ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, туман марказига боришига эҳтиёж қолмади. 140 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатувчи филиал Олтиқаҳрамон маҳалласидаги 111-мактаб биносида жойлашган.