Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда маҳалла раиси 14 туп чинор дарахтини кесди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бундан хабардорми?

Таҳририятимизга келган шикоят бўйича Паст Дарғом туманидаги Торариқ маҳалласида бўлиб, “Араб қишлоқ” қабристонида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишдик. Негаки, шикоят муаллифи – А.Усмонов атрофини девор қилишда ажратилган пуллар талон-тарож бўлганини айтган эди.  

Қурувчини режадаги ишни ортиғи билан бажаришга ким мажбур қилди?

– 2018 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан Паст Дарғом туманидаги 9 та қабристонга 367 миллион 231 минг сўм ажратилди, – дейди туман ободонлаштириш бўлими техник-назоратчиси Бобур Файзуллаев. – Шундан 31 миллион сўми “Араб қишлоқ” қабристони атрофини 110 метр девор билан ўраш учун белгиланган эди. Қурилиш ишлари “Паст Дарғом мукаммал қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Девор қурилиши ҳомийлардан тушган 34 миллион сўм маблағ эвазига 12 метр ортиғи билан бажарилди.

Бизга тақдим қилинган ҳужжатлардаги маълумотда ҳам қабристонга ажратилган маблағ тўлиқ сарфлангани кўрсатилган. Қолаверса, қурилиш учун ишлатилган маҳсулотлар рақамларда ўз исботини топди.

Қурилиш корхонаси раҳбари Э.Ражабов ҳам қабристон учун эҳсон қилинган маблағ эвазига деворнинг белгиланганидан ортиқ узунликда қурилганини таъкидлади.

Қарангки, мурожаатчи айнан шу маблағда ўғирликлар бўлаётгани, бу кетишда қабристон қурилиши ниҳоясига етмай қолиши мумкинлигидан хавотирда экан.  Аммо важлар ўз тасдиғини топмаган. Шу ерда бошқа муаммога дуч келдик.

Маҳалла раиси ўз хоҳиши билан чинор дарахтларини кесиши мумкинми?

“Араб қишлоқ” қабристонидаги ҳолатни ўрганар эканмиз, 14 туп улкан чинор дарахтининг кесилиб, ўрнига янги навдалар патталаб чиқа бошлагани эътиборимизни тортди. Қабристон қоровулига юзланганимизда у чинорлар 2018 йилнинг баҳор ойларида маҳалла раиси бошчилигида кесилганини айтди.

Очиғи, чинорларнинг нима мақсадда кесилгани кишини ўйлантиради. Негаки, мазкур ноёб дарахтлар қабристоннинг қурилиш ишлари олиб борилган жойидан анча узоқда. 

– Чинорлар эскириб, чирий бошлагани сабабли уларни кесдик, – дейди маҳалла раиси Тўлқин Баширов. – Бу бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, улардан рухсат олиш хаёлимизга келмапти. Аммо чинорларни қанча суммага сотганимиз аниқ ва бу ҳақда маҳалла фаоллари имзоси билан далолатнома тузганмиз. Ундан тушган 6 миллионга яқин  (Аниқ нархи йўқ ва қанчага сотилгани далолатнома (09.04.2018)га киритилмаган) маблағ эвазига қабристонга кириш йўлини таъмирлашни режалаштирганмиз. 

Шу ўринда савол туғилади. Наҳотки, 2016 йилдан буён маҳалла раиси бўлиб ишлаётган одам дарахт кесиш учун рухсат олиш кераклигини билмаса? У нима мақсадда далолатномага чинор сотилган суммани КИРИТМАДИ? Қабристон қоровули А.Эшонқуловнинг айтишича, кесилган дарахтлар 6 миллион 500 минг сўмга сотилган. Қолаверса, янгидан кўтарилган девор ўрнидаги темир панжаралар ҳам йўқ.

Т.Баширов уларнинг қирқ фоизи қабристоннинг бошқа томонларига ишлатилганини ва қолган қисми 3 миллион 150 минг сўмга сотилганини айтди. Бироқ маҳалла раисининг қўлида уларни ўзи айтган суммага сотганини тасдиқловчи ҳужжатни кўрмадик. У бизга фақатгина чиқим дафтарини ва қабристон ортидан келган даромад нима учун ишлатилганини кўрсатиб берди, холос.

– Барча корхона, ташкилот ва фуқаролар дарахтларни кесиш учун энг аввало, давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилиши керак, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг назорат соҳаси инспекцияси бошлиғи Шавкат Эрназаров. – Аризага асосан, Давлат хизматлари маркази туман (шаҳар) ҳокимияти ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ушбу аризани электрон тарзда йўллайди. Шундан сўнг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг инспекторлари томонидан дарахтларнинг яроқсиз, чириган ва бошқа ҳолатлари жойида ўрганилиб, хулоса берилади. Хулосага асосланиб, маҳаллий ҳокимият томонидан дарахт кесиш учун рухсат берилади ёки рад этилади. Агар дарахт ўзбошимчалик билан кесиладиган бўлса, унинг ўлчамига қараб, фуқародан зарар ундирилади.  Дарахт кесган шахс кўрсатилган тўловдан бош тортадиган бўлса, у билан суд ва прокуратура органлари иш олиб боради.  

Қабристондан даромад олаётган Донаев қаерда?

Яна бир ҳолат. Шу маҳаллада яшовчи Зокир Донаев қабристоннинг 15 сотих еридан 8 йилдан буён фойдаланиб келар экан. У қабристон ерини бўшатиб бериш бўйича маҳалла масъуллари ва тегишли ташкилотлар томонидан бир неча бор огоҳлантирилса-да, ўз билганидан қолмаяпти.

– Уни қабристон ерини бўшатиб бериш бўйича ўн марталаб огоҳлантирдик, – дейди туман ободонлаштириш бўлими қабристонлар назоратчиси Валижон Қаршиев. – Аммо у ерни қайтаришни истамаяпти. Энди қонун доирасида чора кўришни режалаштиряпмиз.

З.Донаев қабристондаги у фойдаланаётган ер яна муҳокама бўлаётганини эшитиб ғойиб бўлди, шекилли, уни уйидан ҳам, маҳалланинг бошқа жойидан ҳам топишнинг имкони бўлмади.

Маҳалла раисининг фаолиятини 7-8 соатгина шу маҳаллада бўлиб, ўрганиб, тўғри хулоса чиқариб бўлмайди, албатта. Шу боис маҳаллада яшовчи бир нечта фахрийлар суҳбатида бўлдик. Улардан бири маҳалла раиси ишларини эътироф этиб, юқори баҳоласа, бошқаси эса бу фикрларнинг тескарисини айтди.

Мақолада кўрсатилган муаммо ва камчиликлар бўйича эса мутасадди ташкилотлар жавобини кутиб қоламиз.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).