Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачида ўқитувчиларнинг аванс пуллари ўз вақтида берилмаётганмиди?

Жорий йилнинг 22 апрель куни ижтимоий тармоқларда Пахтачи туманидаги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари номидан 21 апрель бўлишига қарамасдан, аванс пуллари тўлаб берилмаганлиги тўғрисидаги шикояти эълон қилинди.

Ушбу ҳолатга Пахтачи тумани халқ таълими бўлими муносабат билдирди.

Аниқланишича, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Самарқанд вилояти бошқармаси Пахтачи филиалининг 2020 йил 23 апрелдаги 03-02/159-сонли хатига кўра, 2020 йилнинг 17 апрель куни Пахтачи тумани халқ таълими бўлими томонидан мактабларнинг аванс иш ҳақи учун жами 1333245300 сўм пул маблағлари молиялаштирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси бюджет кодексини амалга ошириш бўйича норматив – ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 245-сонли қарорига асосан тасдиқланган Низомнинг 2-бўлим 7-бандига кўра, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга харажатларни молиялаштириш (тўлаш)да ҳар ойнинг 1-4 ва 15-18 саналарида амалга ошириш белгиланган). 18-19 апрель санаси ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари бўлганлиги боис банк фаолият кўрсатмаган, 20 апрель куни эса нақд пул захираси шакллантирилиб, дезинфекция қилинган ҳолда 20 ва 22 апрель кунлари тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларига аванс иш ҳақи тўлиқ тарқатилган.

Масофадан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида аванс иш ҳақининг тарқатилиши бўйича бирорта мактаб ўқитувчисидан мактаб директори ёки ХТБга мурожаат ёки эътирозлар келиб тушмаган.

Шунингдек, тумандаги барча мактаб директорларининг педагогик жамоада ишлайдиган ҳар бир ходим билан телефон орқали гаплашиб чиққанидан сўнг берган билдиргисига кўра, барча мактабларда аванслар тарқатилган.