Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар бузилади(ми?)

Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги фармони ва шу асосда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарорига асосан жойларда уй-жойга эҳтиёжманд кишилар томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, қонунга зид бўлмаган майдонларда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан 2019 йил 1 майга қадар мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси бўлиб ўтди.

Ушбу акция доирасида вилоят бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқини беришни сўраб 50 мингдан ортиқ мурожаат тушди. Жумладан, мазкур акция доирасида Пайариқ тумани давлат хизматлари марказига мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан 3700 дан ортиқ мурожаат бўлди.

- Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқини сўраб мурожаат қилган 3600 дан ортиқ ариза мутахассисларимиз томонидан ўрганилиб, туман ишчи гуруҳига тақдим этилди, - дейди ер-мулк кадастр давлат корхонаси туман филиали бошлиғи Мансур Норқулов. – Мурожаатларнинг 1873 таси кўриб чиқилиб, 400 тасига ижобий хулоса берилди. Қолганлари ўрганиш жараёнида. Туман ишчи комиссияси томонидан 1477 та мурожаат рад этилди. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини беришда бошқа туманлардан фарқли равишда туман комиссияси раисига тўпланган ҳужжатларга қўшимча равишда ер участкасининг жойлашуви бўйича космик тасвирлар ҳам тақдим қилинди. 727 та мурожаат туман ҳокимлиги қурилиш бўлими, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш жараёнида бўлса, 1865 та ариза рад этилди.

Рақамлардан кўриниб турибдики, мурожаатларнинг ижобий хулоса берилганидан кўра рад этилганлари кўпроқ. Чунки кейинги йилларда айрим фермерлар ўзи эгаллаб турган ер майдонларини фуқароларга уй-жой қуриш учун сотган. Бу ҳол айниқса, туманнинг Мирзо Улуғбек, Сарбозор маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжаликларида кўп кузатилган. Масалан, Мирзо Улуғбек маҳалласидаги “Бердиев Иномжон замини” фермер хўжалиги бошлиғи Холйигит Рўзиқулов 12,6 гектар экин майдонидан 6,7 гектарини 97 фуқарога ўзбошимчалик билан сотиб юборган. Бундан ташқари, тумандаги фермер хўжаликлари тасарруфидаги майдонларда 200 нафар фуқаро қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган унумдор ерларда ўзбошимчалик билан уй-жойлар қурган. Хўш, ўзбошимчалик билан сотиб юборилган ерлар масаласида қандай ўзгаришлар юз берди?

- Мирзо Улуғбек ва Сарбозор маҳаллаларидаги 34 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурган қурилишости майдонлари юзасидан судга даъво аризаси киритилди, - дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Зойир Ҳайитов. – Ўзбошимчалик билан қурилган 94 та иморатрдан 53 тасида мулк эгасини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туман адлия бўлими ходимлари тегишли мутахассислар билан биргаликда жойига чиқиб ўрганганда ўзбошимчалик билан қурилган 144 та уй-жойда фуқаролар истиқомат қилаётганлиги сабабли эгалик ҳуқуқини бериш мумкинлиги билдирилган. 37 иморатда эса фуқаролар яшамаётганлиги ва яшаш учун шароит ҳам йўқлиги, 16 тасида фақат пойдевор қуриб қўйилганлиги туфайли мулк ҳуқуқини бериш мумкин эмаслиги тўғрисида хулосалар берилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон” мухбири.