Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда яна бир қишлоқ дастурга асосан обод бўлади

Ҳудуддаги 700 га яқин хонадонда 4 100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада йирик ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Аҳоли асосан, фермер хўжалигида меҳнат қилиб ёки шахсий томорқасида деҳқончилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратади. Шу сабабли дастур асосида ҳудудда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, нодавлат мактабгача таълим муассасаси, кичик цехлар ташкил этиш белгиланган.

Томойрот, Жиянбек ва Чўмичли қишлоқларидаги экин экиладиган томорқа майдони 107 гектарни ташкил қилади. Қишлоқ аҳолисининг томорқадан самарали фойдаланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатишга сектор масъуллари томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
Томойрот маҳалласи туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари бош бўлган 4-сектор ҳудудига киради. Сектор раҳбари Акмал Валиевнинг айтишича, экин экиладиган майдонларнинг бир қаричини ҳам бўш қолдирмаслик учун кам таъминланган томорқа ер эгаларига уруғ ва кўчатлар ҳомийлик ёрдами сифатида тарқатилмоқда. Иссиқхона қуриш, имтиёзли кредит маблағлари асосида шахсий томорқа хўжалигини ривожлантиришга ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Айни пайтда маҳалла хонадонларида баҳорги томорқа юмушлари якунланиб, айрим оилалар дастлабки ҳосилни йиғиштириб олмоқда. Аҳоли уй-жойини таъмирлаш, кўчаларни обод этиш ҳаракатига тушган. Ўз навбатида, мутасадди идоралар дастурда белгиланган вазифаларни амалга оширишга киришган. Яқин орада Томойрот Пайариқнинг чинакам обод қишлоғига айланади.

F.ҲАСАНОВ.