Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Пайнет”чи қўпол муомала қилса...

Иштихон туманида истиқомат қилувчи Юлдуз Каримова телефонига пул ўтказиш учун пайнет шахобчасига борди. Шахобча ходими унга қўпол муомалада бўлди. Шунингдек, ўтказган пули учун  қўшимча хизмат ҳақи олиб қолди. Ушбу ҳолатдан ранжиган Ю.Каримова Президент ишонч телефонига мурожаат қилди.

Мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд  вилоят ҳудудий бирлашмасининг Иштихон туман жамияти мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилди. Унга  кўра,  "Отабек алоқа сервис" хусусий корхонаси ходими  Ю.Каримовадан узр сўради ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймасликка ваъда берди. Агар ушбу ҳолат яна такрорланса, Ўзбекистон Республикаси  Маъмурий жавобгарлик  тўғрисидаги кодекснинг  186-1 моддасига асосан, энг кам ойлик иш ҳақининг  30 баробаридан 50  баробаригача  жарима жазоси қўлланиши ҳақида  огоҳлантирилди.

Шунингдек, туман  давлат Солиқ инспекцияси  ходимлари томонидан  хусусий корхона  пайнет хизмати учун устама нарх қўймаслик, нақд пулларни банк кассасига кунлик топширилиши юзасидан расмий хат билан ҳам огоҳлантириш берилди.

Гулчеҳра  БЕРДИЁРОВА.