Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Польшада аборт тақиқланишига қарши намойишлар авж олмоқда

Польшанинг йирик шаҳарларида аборт тўғрисидаги қонунчиликни қатъийлаштирган конституциявий суд қарорига қарши кетма-кет уч кундан бери намойишлар бўлиб ўтмоқда. Акциялар ташкилотчилари тақиқнинг бекор қилиниши ҳамда «Қонун ва адолат» консерватив партияси бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.

Варшавада жума куни кечқурун бир неча минг киши шаҳар марказидаги чорраҳалардан бирини тўсиб қўйди. Полиция намойишчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Бундан буён аборт фақат онанинг ёки ҳомиланинг ҳаётига таҳдид туғилганда, шунингдек, зўрлаш ҳолати рўй бергандагина амалга оширилади. Боланинг ногиронлигидан далолат берувчи бирор касаллик, масалан, Даун синдроми ҳомиладорликни тўхтатиш учун асос бўлмайди.

Конституциявий суд бундай қарорни ўтган йилнинг октябрь ойида қабул қилди. Аммо у фақат ўтган чоршанба куни кучга кирди. Судьялар Польша фуқаросининг яшаш ҳуқуқи ҳомила давридан бошлаб кафолатланади, деган қарорга келди.

Бошқарув партия сиёсатига қаршилар норозилик намойишларини тўхтатмаслиги ҳақида айтишди. 2016 йилда айнан оммавий намойишлар ҳомиладорликни узган аёл ва шифокорга нисбатан қамоқ жазоси тайинлаш ғоясидан воз кечишга ҳукуматни мажбур қилган эди.

Юристларнинг таъкидлашича, конституциявий суднинг сўнгги қарорида қонунни юмшатадиган пунктлар мавжуд.

Г.Холдорова тайёрлади.