Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Пойтахтимизда хусусий бандлик агентликларига лицензиялар топширилди. Улар орасида самарқандлик агентлик ҳам бор

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида хусусий бандлик агентликларига тантанали равишда лицензиялар топширилди.

Маълумки, 2018 йил 16 октябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида“ги Қонун имзоланган эди. Мазкур қонунга асосан, Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича давлат монополияси тугатилиб, бу соҳада хусусий ташкилотлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилди. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хусусий бандлик агентликларини рўйхатга олиш ва фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун лицензия бериш амалиётини йўлга қўйди. Ушбу тизим асосида бугунги кунгача Хоразм, Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятларидаги 5 та хусусий бандлик агентлигига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензиялар берилди.

Фуқароларни хорижда ишлашга юбориш ваколати шу пайтгача фақат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида мавжуд эди. Эндиликда мазкур вазифани Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигидан ташқари Республиканинг турли ҳудудларида жойлашган лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ҳам эркин амалга оширишлари мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган маросимда яна 10 та ана шундай хусусий бандлик агентликларига лицензиялар тақдим этилди. Эндиликда ушбу хусусий бандлик агентликлари Самарқанд, Фарғона, Андижон, Тошкент шаҳарларида фуқароларга расман хизмат кўрсатишни бошлайди.

Ушбу хусусий агентлик фаолияти  ҳақидаги тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлишни истасангиз, сайтимизни кузатиб боринг.