Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент табригини вилоят ҳокими ўқиб берди

Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган уруш фахрийларига Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табрикномаси ва пул мукофоти тантанали топширилмоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов бугун ҳам туман ва шаҳарларда истиқомат қилаётган уруш қатнашчилари хонадонига бориб, давлатимиз раҳбари йўллаган табрикнома ва пул мукофоти, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди.

Самарқанд шаҳридаги Ташаббускорлар маҳалласида яшовчи Жума Ҳасановнинг хонадонида кечган суҳбатда вилоят ҳокими Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлаб, отахонга самимий миннатдорлик изҳор этди.

– Сиз каби инсонларни қадрлаш, эъзозлаш биз учун шарафли бурч ҳисобланади, – деди вилоят ҳокими. – Муҳтарам Президентимиз табрикларида қайд этилганидек, “Фашизм деган ёвуз бало бош кўтарган мудҳиш ва суронли йилларда Сиз азиз жонингизни аямасдан, Ватан ҳимояси ва озодлиги йўлида мардона курашдингиз. Сизлар каби минг-минглаб мард ота-боболаримиз, оналаримизнинг матонати ва жасорати инсониятни ҳалокатдан асраб қолди.” Бунинг учун барчамиз Сиз каби фидойи инсонлар олдида доим қарздормиз. Илоҳим, соғ ва омон бўлиб, доим элимизнинг, давлатимизнинг эъзозида юринг, деймиз.

Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан Самарқанд шаҳридаги Мотрид маҳалласида яшовчи Фазлиддин бобо Аслиддинов ғоят мамнун эканини айтди.

– Ёшим 95 да, – дейди Фазлиддин бобо. – Аввал очарчиликни, сўнг қирғинбарот урушнинг азоб-уқубатларини бошдан ўтказдик. Даҳшатли жанг майдонларидан омон-эсон қайтишимизнинг ўзи бир давлат деб, тикланиш йилларида ҳам биримиз икки бўлмай меҳнат қилдик. Мустақиллик йилларидагина ҳақиқий эъзоз-эҳтиромга эришдик. Вилоят ҳокимининг ўзи хонадонимизга келиб, давлатимиз раҳбарининг бизга йўллаган табриги ва бошқа совғаларини топширганидан бошим осмонга етди. Шу кунларда ўзимни ёшаргандек ҳис этяпман, юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан беҳад миннатдорман.

Вилоят ҳокими, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Саид Умар Асанов, Сабо Тўрақулов, Григорий Токаревларнинг хонадонига ташрифи ҳам байрамга айланиб кетди. Президентимиз номидан байрам табриги, пул мукофоти ва вилоят ҳокимлиги совғаларини қабул қилиб олган отахонлар эл-юртимизга тинчлик-осойишталик тилади.