Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Психотроп дорига ружу қўйган аёлнинг жазоси енгиллашди: Нега?

Норхол ота-онасидан эрта етим қолиб, акалари ва янгалари қўлида ўсди. Балоғатга етгач, уни янгалари қистови билан уч хотиндан ажрашган эркакка турмушга беришди. Орадан вақт ўтиб, уч фарзандли бўлди. Бошида турмуши яхши кечаётганди. Эри у ер, бу ерларда ишлаб аввалги хотинларидан орттирган болаларига алимент ҳам тўламасдан рўзғорини эплаб юрувди. Кейинчалик алимент тўловларини ундириш бўйича суд ажрими чиқиб, тўлашга мажбур бўлаётган эр Норхолга Туркияга ишга бориши, ўзи эса болаларига қараб ўтиришни таклиф қилди.

Уйдаги жанжаллардан, турли нохушликлардан безган хотин эрининг бу таклифига рози бўлди. Туркиянинг Истамбул шаҳрига бориб, бир хонадонга ишга жойлашди ва икки йил ошпазлик қилди. Ойма-ой топган пулларини эрига жўнатди. Эр эса бу пуллар ҳисобидан аввалги хотинларидан орттирган болалари учун алимент тўлади. Норхолнинг уч фарзандини унинг акалари қарамоғига ташлаб, яна бошқа хотинга уйланиб олди.

Эрининг бу қилиқларидан хабар топган Норхол оғир руҳий тушкунликда қолади. Тез-тез боши оғрийдиган, ўзини лохас ҳис этадиган бўлиб қолади. Бунинг сабабини билиш мақсадида Истамбулдаги хусусий шифохоналардан бирига мурожаат қилади. Руҳий тушкун ҳолатдаги беморга шифокорлар 60 дона «Medazepam» психотроп дорисини истеъмол қилиши лозимлигини тавсия этишади.

Ушбу дорининг эндигина 25 донасини истеъмол қилиб бўлганида, Норхол оиласи бағрига қайтишга қарор қилади. Дорининг қолган қисмини «шифокорнинг тавсияси бор-ку» дея чўнтагига солиб, Самарқандга йўл олади. Ҳатто, дориларни декларация рўйхатига киритишни ҳам унутади.

«Истамбул-Самарқанд» йўналишидаги авиарейсда Ватанига қайтган Норхолни аэропорт божхона назорати ходимлари 35 дона тақиқланган психотроп дори воситасини олиб ўтишда айблаб қўлга олишади.

Руҳий азоб устига бундай айбловнинг қўйилиши Норхолга жуда оғир ботади ва кучли тушкунлик таъсирида у ҳатто ИИБ терговчисига ўзини ҳимоя қиладиган важларни келтира олмайди.

Адолат қарор топишига умид қилган унинг қариндошлари саъй-ҳаракати билан Норхолнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга киришдик. Ўрганишлар жараёнида аёлнинг эри томонидан тазйиқларга учраши, фарзандларидан узоқда яшаб, турли ижтимоий омиллар, руҳий азоблар таъсирида психотроп дорига ружу қўйгани аниқланди. Унинг айбини енгиллатувчи бир қатор сабаблар судга тақдим этилди.

Натижада суд томонидан Норхолга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига эришдик.

Дилафрўз Астонова,

Самарқанд шаҳридаги «Амон» адвокатлар ҳайъати адвокати.