Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Пушкин номидаги кутубхона Ўзбекистон Миллий кутубхонаси филиали мақомига эга бўлди

Вилоят А.Пушкин номидаги ахборот кутубхона марказида капитал реконструкция ишларининг илк босқичи бошланди.

- Кутубхонамиз Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тасарруфига ўтказилиб, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси филиали мақомига эга бўлди, - дейди вилоят кутубхонаси раҳбари Шаҳодат Аҳмедова. – Таъмирлаш ишлари учун маблағ ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш Фонди томонидан ажратилди. Кутубхонамиздаги илк таъмирлаш ишлари, яъни иситиш тизимини янгилаш учун 550 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда эски иситиш тизими олиб ташланиб, ўрнига янгиси ўрнатилмоқда. Яқин кунларда бу ерда китобхонлар учун қулай шароитлар яратилади.

Айтиш жоизки, капитал таъмирлаш ишларининг иккинчи босқичида кутубхонанинг эшик ва ромлари, ташқи кўриниши ўзгаради. Бу ишлар шу йилнинг март-апрель ойларида амалга оширилади. Шундан сўнг кутубхона ички кўриниши ҳам замонавий ҳолатга келтирилади.

Ш.Аҳмедованинг сўзларига кўра, ушбу тадбирлар республикадаги кутубхоналар тизимини яхшилаш дастури асосида амалга оширилаётган бўлиб, бу кейинчалик мамлакатдаги кутубхоналарнинг ягона базасини яратиш йўлидаги ҳаракатлардир.

Фурқат ТУРНИЁЗОВ.