Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қадр кечаси ҳақида 10 саволга 10 жавоб

  1. Савол: «Қадр» сўзининг маъноси нима?

 Жавоб: Ушбу сўзнинг «юксак шараф», «миқдор» ва «белгиланган вақт ёки макон» каби маънолари мавжуд.

  1. Савол: Нима учун «Қадр кечаси» дея номланган?

Жавоб: Уламолар бу саволга бир қанча жавоблар беришган:

Бу кечанинг даражаси жуда улуғ бўлгани учун;

Аллоҳ таоло бу кечада дуоларни ижобат қилгани учун;

Бу кечада бедор бўлиб ибодат қилганларнинг ажр-савоблари бир неча баробар кўпайтириб берилгани учун;

Аллоҳ таоло бу кечада қилинган солиҳ амални минг ойдаги амалдан яхшироқ қилиб қўйгани учун;

Бу кечада бедор бўлганларнинг гуноҳлари кечирилгани учун;

3. Савол: Бу кечанинг бошқаларидан қандай устунликлари бор?

Жавоб: Кечанинг бошқаларидан бир қанча устунликлари бор:

Ушбу кечада Қуръон Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинган;

Бу кечада Аллоҳ таоло фаришталарини осмондан ерга туширади;

Бу кеча омонлик ва саломатлик кечаси бўлади;

  1. Савол: Бу кечани қандай ўтказиш керак?

Жавоб: Қуръон тиловати, намоз, зикр ва дуолар билан ибодат қилиб ўтказиш лозим.

  1. Савол: Бу кечада қойим бўлишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажарган ва бунга тарғиб қилган амал бўлгани учун суннат амал саналади.

  1. Савол: Ушбу кечада нима деб дуо қилинади?

Жавоб: Ушбу кечада қуйидаги дуо кўпроқ айтилади: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, Cен марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!).

  1. Савол: Қадр кечасини Рамазоннинг қайси кечаларидан излаш лозим?

Жавоб: Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалар, хусусан, йигирма биринчи ва йигирма еттинчи кечадан излаш мақсадга мувофиқдир.

  1. Савол: У барча Рамазон ойларида бўладими ёки фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига хосми?

Жавоб: У  қиёматга қадар барча Рамазон ойларида бўлади. 

  1. Савол: Нима учун унинг аниқ қайси кун экани махфий қолган?

Жавоб: Бунинг ҳикматларидан бири мусулмонларни ихлос ва муҳаббат билан Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тўлиқ ибодат ила ўтказишга тарғиб қилишдир.

  1. Савол: Кечанинг қанчасида қойим бўлиш лозим?

Жавоб: Кечанинг баъзисини ибодат билан ўтказиш мумкин, аммо тўлиқ ибодат қилиш афзалдир.

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади.

http://muslim.uzдан олинди.