Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади. Каттақўрғонлик лимончи Эрдош бобо Эргашев буни амалда исботлади

Эрдош бобо Каттақўрғон тумани Қирғиз маҳалласининг Новқа қишлоғида яшайди.
– Агрономман, бир умр қишлоқ хўжалигида ишлаганим учун пенсияга чиққач ҳам бекор тургим келмади, – дейди Эрдош бобо. – 17 сотих ҳовли-жойимиз бор. Бир қисми томорқа. Фарзандларимга маслаҳат солиб, мўъжазгина иссиқхона қурсак, дедим.
Бу оилавий маслаҳат 2011 йилда бўлганди. Эргаш бобо агрономлигини ишга солиб, иссиқхона қурди, унча катта эмас – эни 9 метр, узунлиги 28 метр, ичида одам бемалол юрса бўладиган ҳолатда. 

– Асосий қурилиш материали – металл қувур, арматура, плёнка. Ер 30-40 сантиметр қалинликда чиринди гўнг, тупроқ билан қопланди, – дейди Эрдош бобо, тажрибасини ўртоқлашиб. – Темир қувурлар орқали сув билан иситилиб, кўмир, ўтин ёқилади. Бир мавсумда 2,5 тонна кўмир, бир тележка ўтин сарфланади, 1,5 миллион сўмдан кўпроқ харажат кетади. Суғориш гўнг шарбати билан ўтказилади, ҳарорат 25-26 даражада мўътадил ушлаб турилади. 
Эрдош бобо 2011 йилда қурган иссиқхонасига 43 туп уч йиллик "Майер", "Мэр", "Юбилейный", "Нова грузинский" навлари каби лимон кўчати ўтқазган эди. Мана, беш йилдан буён ҳосил беряпти.
– Уларнинг гуллаш, пишиш даври ҳар хил, – дейди лимончи бобо. – Масалан, "Майер" навини олсак, йилнинг тўрт фаслида ҳам гуллайди. Йил давомида ҳосил беради. Яна беш-ўн йилдан кейин бу навли лимоннинг ҳар тупидан йилига 250 килограммдан ҳосил олса бўлади.

Ҳозирда Эрдош бобо ҳар туп лимондан 53-54 килограммгача, жами 2 тоннадан ортиқ ҳосил олиб, 20 миллион сўмгача даромад қилмоқда.
– Иссиқхонада фақат лимон етиштирмаймиз, – дейди Эрдош бобо. – Қатор орасига қулупнай экканмиз, ҳадемай пишиб етилади, помидор кўчати етиштириб сотамиз. Олаётган даромад ҳисобига 2 сотихли яна битта иссиқхона қурдик. Ҳажми 10х21 метр. Бу иссиқхонага Эрондан тажриба учун 22 туп, ҳар бири 250 минг сўмдан апельсин, мандарин, банан кўчатларини келтириб ўтқаздик. Яхши амал олди. Келаси йилда насиб бўлса, нишона беради.


Тоғаймурод ШОМУРОДОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ
(фото).