Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қашқадарёда ЙПХ ходимини аёвсиз калтаклаган ҳайдовчи қўлга олинди

Бундан аввалроқ 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда фуқаро ЙПХ ходимини калтаклаётгани акс этган видео тарқалгани хусусида хабар бергандик, деб ёзмоқда ziyonews.uz. Видеони улашувчиларнинг аниқлиқ киритишича, воқеа Қарши шаҳрида юз берган. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида “Қашқадарё зиёкори” мухбири вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати билан боғланди.

Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Жавлон Бахтиевнинг “Қашқадарё зиёкори”га маълум қилишича, воқеа жорий йил 12 июнь куни 15:40 да Қарши-Шаҳрисабз автомобил йўлининг 1-километрида содир бўлган.

Жавлон Бахтиевга кўра, йўловчи ташиш транспорт воситалари тўхташ бекатида ўз хизмат вазифасини бажараётган вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, 1-йўл патрул хизмати 1-сафарбарлик гуруҳи йўл патрул хизмати инспектори Баҳром Бобоқулов тўхташ мумкин бўлмаган жойда тўхтаб турган, давлат рақами 70 K 064 NA бўлган “Дамас” автомобили ёнига бориб, ҳайдовчи Б.Р.га ўзини таништирган ҳолда, ҳужжатларни сўрайди. Ходим ҳайдовчига ҳуқуқбузарлигини тушунтирган ҳолда, маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлади. Бунга жавобан ҳайдовчи Б.Р. ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатиб, унга бўйсунмасдан хизмат кийимларини йиртади. Ходимнинг чап ва ўнг елкасига қўллари ва қўлидаги тайёқ билан уриб, тан жароҳати етказади. Ходимни ўз хизмат вазифасидан воз кечишга мажбур қилади. Бу ҳам етмаганидек, ЙПХ ходимининг “Артель” русумли қўл телефонини тортиб олиб, унга тегишли рация ва “жезла” таёқчасини синдириб, воқеа жойидан қочиб кетади.

Воқеа жойига етиб борган шаҳар прокуратураси тафсилотларни ўрганиб, вилоят прокурори Ботир Юсуповга махсус хабарнома киритади.

Хабарномада қайд этилишича, Қарши шаҳар прокурори томонидан “Дамас” ҳайдовчиси, 1995 йилда туғилган Б.Р.га нисбатан 12 июнь куни Жиноят кодексининг 166-модда (Талончилик), 219-модда (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш)лари билан жиноий иш қўзғатилиб, қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.