Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қимматбаҳо тилла занжирларни ўғирлаган қўшни қиз жиноий жавобгарликка тортилди

Эрталаб Зулайҳони қўшни дугонаси Севара келиб, бирга сомса пиширамиз, менга ёрдам бер, деб уйига чақирди. Дугоналар биргаликда сомса пиширишди, ейишди, суҳбатлашди.

Севара ҳовлига чиққанида Зулайҳо уй ичини зимдан кузатди. У турмушидан ажралган, ҳеч қаерда ишламасди. Қиз шкаф ичида дугонасининг онасига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни кўрди. Зулайҳонинг хаёли бузилди, уларни ўғирлаш пайига тушди. У тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетиш мақсадида ичкаридаги хонанинг кўчага қараган деразасини билинмайдиган қилиб очиб қўйди. 

- Мен шифохонага бориб келаман, - деди Севара сомсаларни пишириб бўлгач.

- Унда мен кета қолай, - деб ўрнидан турди Зулайҳо. Уйда иккисидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Севара шифохонага кетгач, Зулайҳо қўшнисиникига чиқиб аввал деразани чертиб кўрди. Ҳеч ким чиқмагач, секин ўзи очиб қўйган деразадан ичкарига кирди. Шкафда турган икки дона тилла занжирларни олиб, уйдан чиқиб кетди. 

Қиз дарҳол ўғирлаган тилла тақинчоқларни олиб Булунғур бозорига тушди. У ерда Аваз исмли заргар йигитга тилла занжирлардан бирини кўрсатиб:

- Занжир ўзимники, ўғирланмаган. Жуда пул зарур бўлиб қолган эди, шунга сотмоқчиман, - деди.

Заргар йигит занжирни кўздан кечириб, қизга 1.450.000 сўм беришини айтди. Аслида тақинчоқ 2 миллион сўмлик эди. Зулайҳо ҳам тортишиб ўтирмасдан дарҳол рози бўлди.

- Ҳозирча сизга 1 миллион 200 минг сўм бера оламан. Қолган 250 минг сўмини кейин бераман, - деди заргар йигит.

Қиз рози бўлди ва ундан 1 миллион 200 минг сўм пулни олиб, Булунғур буюм бозоридан 500 минг сўмга ўзига кийим-кечак сотиб олди. Сўнгра бозордан чиқиб, Самарқанд шаҳрига кетиш учун таксилар тўхташ жойига келди.

- Менинг ўзимга алоҳида такси керак. Самарқанд шаҳрига кетмоқчиман, - деди у шу ерда таксичилик қилаётган Дилрабо исмли аёлга.  Аёл ўз бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашинасида қизни манзилига элтиб қўймоқчи бўлди. Улар ўзаро гаплашиб, шаҳар томон йўлга тушди. Кўп ўтмай, Дилрабонинг қўл телефони жиринглади. Таниш такси ҳайдовчиларидан бири ундан Зулайҳони сўради: “Ҳозир сизга ИИБдан телефон қилишади. Машинангиздаги қиз ўғирликда гумонланмоқда”, деди ҳайдовчи.

Орадан бироз вақт ўтиб, Дилрабонинг телефонига қўнғироқ қилган ИИБ ходими машинани йўл четига тўхтатиб, қизни ушлаб туришини тайинлашди.

Аслида Севара дугонасининг хатти-ҳаракатидан гумонланиб, шифохонадан келиб дарҳол шкафда турган тилла тақинчоқларни текширган ва уларнинг жойида йўқлигини билгач, онасига телефон қилганди.

Воқеа 2019 йилнинг 2 февраль куни Булунғур тумани “Булунғур” маҳалласи, Сайилгоҳ кўчасида содир бўлди. Зулайҳо қўшнисининг уйидан баҳоси 2 миллион сўмлик “Медас” номли тилла занжир ва баҳоси 4 миллион сўмлик кулони бор тилла занжирни яширин равишда ўғирлаб чиқиб, жиноятга қўл урди.

Суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 10 (ўн) фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Фарҳод Худойбердиев,

жиноят ишлари бўйича

Булунғур туман суди раиси.