Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қишлоқда шахсий гигиена қоидаларига амал қилинадими?

Республика илмий-амалий тиббий марказлари етакчи шифокорлари билан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида шу нарса аён бўлдики, қишлоқ жойларда аксарият аҳоли томонидан шахсий гигиена, соғлом овқатланиш қоидаларига деярли риоя қилинмайди.

Оқибатда аҳоли ўртасида овқат ҳазм қилиш касаллиги, қонда етарли моддалар етишмаслиги, эндокрин касалликлар кўпайган. Сабаби оддий. Кечки овқатни соат 20:00-21:00 ларда истеъмол қилишимиз оғир асоратларни келтириб чиқаради. Бунда жисмоний меҳнат билан машғул кишиларда овқат ҳазм бўлиш жараёни осонроқ кечар, аммо кексалар, болалар ва аёлларда оғир кечади. Чунки, аксарият ҳолларда кечки пайт овқатдан бир соат вақт ўтар-ўтмасдан ухлашади.

Шунинг учун, ишчи гуруҳ таркибидаги шифокорлар, мутахассислар аҳолига соғлом турмуш тарзининг асосий омили бўлган соғлом овқатланиш тартибини тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Пайариқ ва Оқдарё туманларида айрим кишиларда аниқланган бирламчи касалликларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилди, жиддий касали бор беморларга вилоят ва республика тиббиёт марказларида даволаниш тавсия этилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Яна бир муаммо – аҳоли ўртасида тиббий-ҳуқуқий маданиятнинг ривожланмаганида. Айрим беморлар ўн икки бармоқли ичакдаги яра ёки сурункали гепатит асорати билан ҳам ногиронлик гуруҳига чиқишга уриняпти. Бундай вазиятда ногиронлик гуруҳи тайинлаш билан беморнинг ҳолати яхшиланмайди. Улар реабилитация шароитида даволаниш йўлларини кўриши лозим. Бунда оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори билан индивидуал иш олиб борса, янаям самарали бўлади.

Равшан ИСОҚОВ,

Самарқанд шаҳар 60-ТМЭК раиси,

эксперт-шифокор.