Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қор одам… бор одам(ми?) Нега уни тутишолмаяпти?

Сирли белгилар, синдирилган дарахтлар, шох-шаббалардан ясалган пирамидалар… Ўрмонларда уларни ким, нима мақсадда қолдиради?

«АиФ» (2019 й. 10-сон) ҳафтаномасининг Халқаро гоминология маркази директори, тарих фанлари номзоди Игор Бурцев билан суҳбати қор одам билан боғлиқ ҳодисалар ҳақида бўлди.

Йўқ нарсадан энергия

- Игорь Дмитриевич, ростини айтинг, сиз ўзингиз қор одамни кўрганмисиз?

- Ҳа, уч марта кўрганман. Яъни у ёнимдан ўтиб бораётганда 5 метрлар чамаси наридан кузатганман. Бу АҚШнинг Миссури ва Мичаган штатларида рўй берганди. Мен Америкада Йети (улар қор одамни шундай аташади. Тарж)ни қидираётган тадқиқотчилар ҳузурига меҳмон бўлиб боргандим. Бир куни уларникида тунаб қолдим ва девор ортида уни ўтиб бораётганига кўзим тушди.

- Улар мен билан ҳазиллашяпти, деб ўйламадингизми?

- Ҳазиллашадиган ҳеч ким йўқ эди. Бу эрталаб соат 5 да бўлганди, бека болалари билан иккинчи қаватда ухлашарди. Мен эса пастда ойнаванд эшик рўпарасида диванда ётгандим. Баландлиги 180 см (уни кейин ўлчаб кўрдим) девар оша унинг бош қисмини кўрдим. Биласизми, АҚШда уни қанча одам кўрган? Расмий қайд этилганларининг ўзи 40 минг нафар. Бу қор одамни ўрганаётган АҚШ ВFRO илмий-тадқиқот ташкилотининг статистик маълумоти.

- Америкаликлар жуда таъсирчан ва ишонувчан. Одамлар ёлғон гапирган бўлиши ҳам мумкин.

- 40 минг киши ёлғон гапирадими? Тўғрисини айтадиган кимдир албатта топилади. Қор одамни кузатиш географияси кенгайиб бормоқда. Испания, Франция, Англия, Ирландия, Швециядан хабарлар келиб турибди. У ерларда қор одам қолдирган қурилмалар ва унинг изларини топишяпти.

- Бу қанақа қурилма бўлди?

- Дарахт ва шохлардан қурилган пирамидалар. Чайлалар, синдирилган дарахтлар. Ушбу мавжудот ақл бовар қилмас кучга эга. Шохларни шунақанги эгиб, бураб капа қурадики, бақувват одамнинг ҳам қўлидан келмайди бу.

Қозоғистонда ана шундай қурилмада биз ламопчкани ёқишга муваффақ бўлдик. Битта симни пирамиданинг тепасига – учи атрофига ўрадик, бошқа симни остига – ерга қўйдик. Ва чироқ ёнди. Бу нима дегани? Бу қор одам атроф-муҳитдан энергия олишни билади дегани (бунинг мумкинлигини ўтган асрнинг 40-йилларида Никола Тесла-физик олим ҳам исботлаган эди).

Вятка ўрмонларида биз улкан танага эга дарахтлар моҳирона эгилиб, шохлари бир-бирига чирмаштирилиб, «осма ошён» ясалганини кўрдик. Ақл бовар қилмас куч талаб қиладиган бу иншоот уларга нимага керак?

Аввалига биз улар ўз ҳудудларини шу тариқа белгилаб қўйишади, деб ўйладик. Кейин эса улар шу усулда бир-бирига хабар узатади, эҳтимол бизга ҳам деган хулосага келдик.

Фан нега жим?

- Айтингчи, узоқ вақтдан буён қор одамни қидириш олиб борилаётган бўлсада, нега ҳозиргача уни тутишолмаяпти? Ҳеч бўлмаса жасади топилмаяпти?

- Гоминоидлар ўзларини фош қилишдан қочишяпти. Афтидан оммавий овланишдан хавфсирашмоқда. Жасадга келадиган бўлсак – улар дафн қилинади. Ёки ғорларга яширилади. Шунга қарамасдан, камдан-кам ҳолларда бўлсада, жасадлари топилган. Мисол учун, 1962 йилда Мўғулистонда топилган. Аммо бизнинг академиклар топилмани тадқиқ қилишдан бош тортишган. Уни Польшага жўнатишган. Антрополог Плавлинский жасад бош чаноғига қараб унинг қиёфасини яратди. Унинрг ясаган бюстини 1976 йили Улан-Баторда ўзим кўрганман. Бироқ шундан кейин қор одам билан боғлиқ воқеалар, ишлар унутилиб кетди. Тўғри, 1967 йилда Калифорнияда қор одамнинг аёл жинси кинотасвирга олинган. Унинг ишончлилигига тадқиқотчиларда шубҳа йўқ. Бироқ расмий фан бу далилга лом-мим демайди.

- Нега?

- Фанда  умумқабул қилинган илмий тушунчага кўра Ер юзида гомо сапиенс-ақлли мавжудот одамзотдан бошқа гоминоид йўқ деб ҳисобланади. Бу фикрга қарши биз одамсимон қўл билан яратилган чайлалар, ўйинчоқлар, моҳирона эгилиб, букилиб, буралиб, синдириб қолдирилган дарахтларни кўрсатамиз. Мавжуд бирорта фан бу маълумотларни аниқлашга ёрдам беролмади. Янги фан-гоминологияни яратиш тақозо этилди. 1960 йилда профессор Б.Поршнев саъй-ҳаракатлари билан бу фан одамсимон гоминоидлар ва улар билан боғлиқ жумбоқларни ўрганишга киришди.

Ҳозирда биз дуч келадиган лешие (алвасти) – айнан қор одам ёки гоминоидлардир деган фикрга келдик.

- Олимларни тушунса бўлади. Аммо рад қилиб бўлмайдиган далиллар йўқ-да!

- Бор! Бироқ уларни ўз номи билан аташни исташмаяпти. Нима учун аввало фото ва видеосуратлар билан танишмаслик керак? 2018 йил ёзида Коми Республикасида ўтиб бораётган қор одам камерага туширилди. Маҳаллий ўрмончилик ходими Михаил Смирнов ўрмонда ўрнатган видеокамера 50 метр масофада ушбу ҳодисани қайд этди. Унда баҳайбат, паҳмоқ жун билан қопланган одамсимон мавжудот аниқ тасвирга олинган. Мен америкалик ҳамкасблар билан маслаҳатлашдим. Улар 1967 йилда таниқли тадқиқотчи Рожер Паттерсоннинг ролигини тадқиқ этишган. Улар Комидаги мавжудот ҳаракати, ҳолати, Паттерсон филмидаги маҳлуққа айнан ўхшашлигини айтишди: Тана, оёқ, тизза букилиши, юриши – ҳамма-ҳаммаси. Одамларни қор одам билан юзма-юз дуч келиш ҳоллари жуда кўп. У аниқ-тиниқ кўринган. Лекин қандай қилиб одамлар кўз ўнгида ҳавога сингиб кетгандай ғойиб бўлиши ҳамон жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.