Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Қорасувда тартиб ўрнатиш пайти келди”

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг Самарқанд шаҳридаги ушбу янги массивда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишгандан ва таҳлил қилгандан кейинги хулосаси ва талаби шундай бўлди.

Кейинги икки йил ичида бу ерда 32 та кўп қаватли уйлар барпо этилди уларда 1344 оила яшаяпти. Ҳозирда яна 1400 та уй қурилаяпти. Аммо ҳақиқий ҳолат шуни кўрсатаяптики, “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида қурилаётган бу объектларда иш жуда суст бормоқда. Қурилиш ташкилотлари мутассадиларида фидойилик, жонкуярлик, ташаббускорлик етишмаяпти. Компания бинокорлари олдинги йилдаги хатолардан етарлича хулоса чиқариб олмаган кўринади. Чунки ўтган йили архитектура нормаларининг бузилиши ва қурилиш муддатининг чўзилиши боис уй-жой эгаларидан кўп эътирозлар тушганди.

Фақат бугина эмас, янги массивда ишга туширилган уйлардан фойдаланиш, ободончилик ҳам кўнгилдагидек эмас. Уй-жой ширкатлари номигагина тузилган. Унинг ходимлари шаҳарнинг бошқа бир бурчагидан келиб ишлашади. Ободончилик гуруҳи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Ширкатлар коммунал тўлов уюштирмаган, кўп хонадонлар кадастр ҳужжатини тайёрлашга киришмаган. Натижада уйлар орасидаги майдонлар қаровсизликдан қақраб ётибди. Экилган дарахт ниҳоллари қуриб улгурган. Янги қурилаётган уйлар атрофида эса ободончиликка қўл ҳам урилмаган.

Мулоқот жараёнида шаҳар милиция таянч пункти бошлиғи, участка нозири, маҳалла оқсоқоли, ободончилик департаменти раҳбарлари ва бошқа мутасаддилардан жиддий жавоб сўралди.

- Вилоят ҳокимлиги бу массивдаги уй-жой тақсимоти муаммоси билан қанча шуғулланаётганини аҳоли кўриб турибди, - дейди вилоят ҳокими. – Ҳар бир шикоят атрофлича ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилаяпти. Лекин уй-жойларни расмийлаштиришга, бошқаришда, фуқаролик ишларини юритишга, ободончиликни уюштиришга мутасадди идоралар ҳамон ўзини четга олиб турибди. Менимча, ҳар бир масъул шахс ўз фаолияти учун жавоб берадиган пайт келди.

Мулоқот сўнггида янги уйларда қурилиш ишларини 20 сентабргача тугаллаш, маҳаллий мутахассислар ёрдамида ободончилик ишларини бошлаш, массивда битта мустаҳкам ширкат тузишга келишиб олинди.