Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўрғонда яна дўмбира овози янграйди

Жорий йилда вилоятимизда буюк бахши, халқ достонлари ва термаларнинг моҳир ижрочиси Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади.

Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида, достончи-шоирлар оиласида туғилган Эргаш Жуманбулбул ўғли ота-боболари анъаналарини давом эттириб, “Кунтуғмиш”, “Якка Аҳмад”, “Алибек билан Болибек”, “Далли”, “Равшан”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Ошиқ Ғариб” каби 30 га яқин достонларни, жуда кўп термаларни ёд билган. Бу достон ва термаларнинг бугунги кунгача етиб келишига беқиёс ҳисса қўшган. Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош ўғли билан биргаликда ёд билган достонларини ёздириш ва ёзиб қолдириш билан шуғулланган.

Вилоят ҳокимининг қарорига кўра, буюк оқин, халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан унинг шарафига бунёд этилган халқ музейи янгидан бунёд этилиб, ёдгорлик мажмуаси таъмирланмоқда.

Айни пайтда мажмуада “Юксалиш қурилиш плюс” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Аввало, эски уй-музей бузилиб, унинг ўрнида замонавий биноси бунёд этилмоқда. Шунингдек, лойиҳада Эргаш Жуманбулбул ўғли мақбарасини таъмирлаш, ҳайкални муносиб жойда қайта ўрнатиш, мажмуа атрофини ва ободонлаштириш каби ишлар белгиланган. Маданий тадбирлар, танловлар ўтказиш учун 300 ўринли ёзги амфитеатр қуриш кўзда тутилган.

Қурилиш-ободонлаштириш ишларини жорий йилнинг май ойигача якунлаш ва Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллигини ушбу кўркам масканда нишонлаш режалаштирилган. Тадбирлар доирасида Қўрғон қишлоғида бахшилар танлови ҳам ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, газетамизнинг 2018 йил 1 декабрь, 141-сонида «Бахши-шоир халқ музейи обод масканга айланади» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Ғ.ҲАСАНОВ.