Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда 158 та сув иншооти қурилади

Вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борган йиғилишда 2019 йилда вилоятимизда 17 та ичимлик сув ва 4 та оқова сув тармоқлари қуриш ва реконструкция қилиш лозимлиги айтилди. Бунинг учун эса 47 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши белгиланган. Аммо ҳозиргача ичимлик ва оқова сув объектларига жами 28,5 миллиард сўм (61 фоиз) маблағ молиялаштирилган, объектларда эса 32,7 миллиард сўмлик (69 фоиз) ишлар бажарилган.

Мисол учун, Пахтачи тумани марказий оқова сув тизимларини қуриш объектида белгиланган  2 километр узунликдаги тармоқдан 1 километри тортилган, 1 километрлик тармоққа етарли захира материаллари яратилган бўлса-да, 39 фоиз иш бажарилган, холос. Туманнинг Хумор, Дўнг, Гулистон, Ярман ва бошқа аҳоли пунктларида ҳам ичимлик сув тармоғини қуриб битказиш муддатидан кечикиш ҳолати кузатилмоқда.      

Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Нарпай туманларида белгиланган объектларнинг фойдаланиш муддати яқин, аммо буюртмачи корхонанинг эътиборсизлиги ва етарлича назорат ўрнатмаганлиги туфайли ишлар пайсалга солинмоқда. Яна қарор асосида Пайариқ тумани Хартанг қишлоғи режасига асосан 12,6 миллиард сўм маблағ эвазига 14,2 километр ичимлик суви ва 8,5 километр оқова сув тармоғи қурилиши режалаштирилганди, аммо ҳанузгача ишларнинг ярми ҳам бажарилмаган.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 48 та ичимлик сув объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари мос равишда 36 ва 42,5 фоизга бажарилган. Бу кўрсаткич Самарқанд туманида 22, Жомбойда 24, Нурободда 26, Пахтачида 27, Тойлоқ ва Қўшработда 29, Оқдарёда 33, Самарқанд шаҳрида 42, Каттақўрғон шаҳрида 43 фоизга бажарилган. Йилнинг биринчи ярим йиллигида фойдаланиши режалаштирилган 48 та ичимлик сув объектининг 21 таси ҳанузгача молиялаштирилмаган.

Саудия ривожлантириш жамғармаси ва ОПЕК фонди маблағлари ҳисобидан Қўшработ туманида 77 та қишлоқ ва туман марказини тоза ичимлик сув билан таъминлаш учун 158 та сув иншооти қуриш ва 408 километр сув тармоғи тортиш режалаштирилган.   

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.