Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда ичимлик суви таъминоти яхшиланади(ми?)

Кўпчиликка маълум, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 декабрдаги қарори қабул қилинган эди. Қарор қабул қилиниши аксарият қўшработликларни хурсанд қилгани рост.

Бироқ орадан шунча вақт ўтсада ичимлик сув таъминотида ўзгариш, янгилик кузатилмади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосий ишлар бошланмаслигига лойиҳалаш ишларининг чўзилиб кетгани ва хорижлик инвесторлар билан келишувлар сабаб бўлган. Айни дамда туманда дастлабки қурилиш-қазиш ишлари жадал суръатларда бошлаб юборилган.

- 2021 йилгача мўлжалланган “Қўшработ туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси Саудия тараққиёт фонди ва ОПЕК фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, - дейди вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси директори Комил Юсупов. - Умумий қиймати 36,04 млн. доллар миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган ишларнинг 29,7 млн. доллари чет эл инвестицияси ҳисобидан қопланади.

Лойиҳа доирасида туман бўйича 56 та сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш, 110 та сув қудуқларини қазиш, 408 километр сув ўтказгич ва сув тарқатиш тизимларини барпо этиш режалаштирилган.

Бугунги кунгача Хитойнинг «Anhui Shuian Construction Group» компанияси томонидан Қийқим қишлоғида 2 та сув қудуғи қазилган. Шунингдек, “Suv-taraqqiyot” ва “Neftgazmontaj” консорциуми (Ўзбекистон) томонидан Чиноқ қишлоғида 2 километр, Юқори Жўш қишлоғида 7 километр ҳандақлар ва 1 та сув қудуғи қазилган.

Лойиҳада белгиланган ишлар амалга ошиши натижасида Қўшработ туманининг 65 минг нафар аҳолиси марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади.