Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда Президент топшириғини бажарган тадбиркор касод бўлиши мумкин

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳар бир ҳудуд шароити ва имкониятидан келиб чиқиб, ўша ерга мос келадиган иқтисодий лойиҳаларни жойлаштириш, бунинг учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиш лозимлигини таъкидлаганди. Хусусан, Қўшработ туманига хориждан наслли қўй ва эчкилар келтириш, зотини кўпайтириш, ҳудудда наслчилик ишларини ривожлантириш борасида топшириқ берилганди. Мазкур топшириқлар асосида туманга наслли қўй ва эчкилар келтирилиб, иқлимга мослаштирилмоқда.

- Халқ банки ва “Агробанк”нинг туман филиалидан чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ 3 йиллик даврга мўлжалланган 7 фоизлик ставкада кредит маблағлари ажратилди, - дейди туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи Зафар Жуманов. – Бу маблағга “Қашқадарё вилояти наслчилик” масъулияти чекланган жамияти томонидан фермер хўжаликларига Россия Федерациясининг Оренбург вилоятидан минг бошдан ортиқ наслли эчкилар келтирилиб, иқлимга мослаштирилди. Шунингдек, тумандаги таъминотчи корхоналар томонидан қўшни Қозоғистондан 3 минг бош “Ҳисори” зотли наслли қўйлар келтирилиб, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида аҳолига тарқатилмоқда. Зотдор ҳайвонларни иқлимга мослаштириш, улардан сифатли насл олиш учун келтирилган чорва моллари учун ветеринар врачлар бириктирилди. Кейинчалик фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларидан олинган эчки сути, териси ва жунини қайта ишлаш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.

Эчки сути ёғ ва оқсиллар, кальций, магний, темир, марганец, калий ва бошқа моддаларга бой ҳисобланади. Шунинг учун рахит, ўпка сили, жигар, аллергия, ошқозон хасталиклари билан оғриганда, қичима, экзема, астма, юрак, қон-томир ва асаб касалликларини даволашда самарали. Қўй эса гўшт ва тери етиштиришда энг катта маҳсулдорликка эга. Асосийси, бу чорва моллари иқлим ва ҳудудга тез мослашади, кам озуқа билан ҳам тез ривожланади, наслчилик борасида бошқа чорва молларидан самаралироқ ҳисобланади. Бундан ташқари, эчки ва қўйчиликни ривожлантириш гўшт, сут, тери  етиштириш хўжаликларга каттагина иқтисодий фойда келтиради. Шу мақсадда тумандаги “Эшниёз Турсунов” фермер хўжалиги Қозоғистондан 20 минг бош “Ҳисори” зотли қўй келтириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйди.

- Ҳозиргача 3,5 минг бош зотдор қўй келтириб, 1,5 мингтасини “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида аҳолига тарқатдик, - дейди “Эшниёзов Турсунтош” фермер хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Эшниёзов. – Аҳолидан 10 минг бош зотдор қўй учун буюртмалар бор. Аммо наслли қўй ва эчки келтириш учун Халқ банки ва “Агробанк”нинг туман филиалларидан 7,5 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиши белгиланган бўлса-да ҳамон ресурс етишмаслиги туфайли банкнинг кафолат хати билан аҳолига тарқатган чорва молларимиз учун ҳам маблағ ололганимиз йўқ. Натижада, сарфлаган маблағимизни ҳам ололмаяпмиз, келишилган майда шохли чорва молларининг қолган қисмини ҳам келтиролмаяпмиз. Шунинг учун аҳолидан тушган маблағ ва ўз айланма маблағимиз ҳисобидан қолган майда шохли чорва молларини келтирмоқчимиз.

Бундан ташқари, Жўш маҳалласида 3 минг бош қорамол ва 2 минг бош майда шохли чорва моли учун бўрдоқичилик фермаси ташкил этяпмиз. Бу ерда наслли чорва моллари кўпайтирилиб, бошқа ҳудудларга тарқатилади.

Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши нафақат туман, балки вилоят миқёсида сифатли гўшт ва тери хомашёси ишлаб чиқарувчи йирик мажмуа яратилишига замин яратади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.