Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қозоғистонда 55 нафар ўзбек мигрантларини олиб кетаётган автобус бузилиб қолган

Жорий йил 20 ноябрь куни “Самара-Чимкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва ичида 57 нафар одам, жумладан, 55 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти Хромтау тумани ҳудудида техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонадан олинган хабар асосида маълум қилди.

Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бўйича вилоят департаменти ёрдамида иссиқ жойга эвакуация қилинган.

"Улар орасида тиббий ёрдамга муҳтожлар мавжуд эмас. Совуқ об-ҳавога қарамай, автобусда ёз учун мўлжалланган ёнилғидан фойдаланилгани ва у музлаб қолгани носозликка сабаб бўлган. Айни пайтда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Ақтаудаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олганлиги айтилмоқда.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон фуқароларини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида, қишки вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантириган.