Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қозоғистоннинг ижтимоий-инновацион университетида 300 нафар ўзбекистонлик таҳсил оляпти

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Қозоғистон таълим кунлари” илмий-маърифий кўргазмасида 12 та олий таълим муассасаси йўналиш ва ихтисосликлари бўйича тақдимот ўтказди.

Икки йилдан буён ўтказиб келинаётган тақдимотда бу гал 5 мингдан ортиқ йигит-қизлар иштирок этиб, ўзлари қизиққан олий ўқув юрти ҳақида маълумот олди.

– Ўтган йилги кўргазмадан сўнг 300 нафар ўзбекистонлик бизни университетга ҳужжат топширди ва суҳбат асосида ўқишга қабул қилинди, – дейди Қозоғистоннинг Ижтимоий-инновацион университети проректори Мусабек Ақилбоев. – Унинг асосий қисмини Самарқанд вилоятидан борган ёшлар ташкил этади. Ўйлаймизки, келгуси ўқув йилида ўзбекистонлик ёшларнинг янада кўпроғи биздаги олий ўқув юртида ўқиш истагини билдиради.

– Самарқанд ахборот коммуникация технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежини битиряпман, – дейди Заҳробону Мусаева. – Ўқишни тугатгач, қайси олий таълим муассасасига ҳужжат топширсам экан деб иккиланаётгандим. Бугунги тадбир орқали бу масалага ечим топгандай бўлдим. Маълумот беришларича, ўзим қизиққан университет ёки институтга ҳужжат топширишим ва масофадан туриб ўқишим мумкин экан. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, бу имкониятдан, албатта, фойдаланаман.