Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қурилиш компанияси раҳбари боғча таъмири учун ажратилган пулга “Lacetti” сотиб олган

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бекобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда «Д.Б.С» МЧЖ томонидан тумандаги 29-мактабгача таълим ташкилотида шартномада кўрсатилган реконструкция ишлари бажарилмагани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Шундай бўлса-да, «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси Тошкент вилояти филиали томонидан ушбу жамиятга 2,4 миллиард сўм ўтказиб берилиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

«Д.Б.С» МЧЖ раҳбари томонидан ўзлаштирилган бюджет маблағлари ҳисобидан “Lacetti” русумли автомашина сотиб олиниб, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Д.Б.С» МЧЖ раҳбари Х.Р. «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Тошкент вилояти филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.