Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қутблар силжиши нима билан таҳдид солади?

Ернинг шимолий магнит қутби Россия чегараларига жадал силжимоқда, деб ёзади "Мир новостей" (2019 й. 12-сон) ҳафтаномасида илмий шарҳловчи Владимир Губарев. - Кейинги вақтларда шу ва шунга ўхшаш хабарлар бизни ақл бовар қилмас ўзгаришлар кутаётганидан таҳдидли огоҳлантиришлар билан тарқалмоқда.

Хўш, айнан нима? Бутунжаҳон сув тошқиними? Ёнғин, зилзила, цунамими? Ёзда қор, қишда жазирамами? Буларнинг бари ҳали олдиндами ёки аллақачон бошландими?

Ернинг магнит қутбига келадиган бўлсак, у ҳақиқатан силжимоқда. Илгари шимолий қутб бир йилда беш (максимум - тўққиз) километр силжиган бўлса, кейинги вақтда бу рақам, турли маълумотларга қараганда, 15 дан 50 километргачани ташкил этмоқда. Бу эса одамларни келажакдан хавотирга солиб, турли фаразларга сабаб бўлаётир.

В.Губарев суҳбати ана шу ҳақида бўлди.

- Магнитосфера тўғридан-тўғри сайёрамиз ядроси тузилиши билан боғлиқ, - дейди академик Юрий Балега. - У билан глобал ҳеч нарса рўй бераётгани йўқ. Аммо олимларни содир бўлаётган ҳодисаларни тасаввур қилиш жиҳатлари қизиқтирмоқда.

- Хўш, нималар бўляпти?

- Биз Ер қаърида нималар бўлаётганини тахмин қилсак-да, аслида у ерда жараёнлар қандай кечаётганини яхши билмаймиз. "Албатта, магнитосфера ҳодисалари уларни ўрганишда бизга ёрдам беради. Бироқ, сизни ишонтириб айтаманки, ҳеч қандай фожиали ва ғайриоддий ҳодиса рўй бераётгани йўқ. Ердаги ҳаётга улкан кўламда таъсир этишга қодир ҳолат кузатилмаяпти.

- Нега кузатилмаяпти? Магнит қутби аллақачон "юряпти" эмас, "югуряпти"…

- У ҳамиша шундай қилган, келажакда ҳам шундай қилади… Бу нормал ҳодиса. У ўзининг ядроси ичидаги ток тақсимланиши муносабати билан ҳаракатланади. У ерда шундай кўламда жараёнлар кечяптики, биз уни фақат тахмин қилишимиз мумкин.

- Плиталар тўқнашяптими?

- Йўқ, бу ўнлаб километр қатламни ташкил қиладиган "тухум қобиқ" ҳолати, холос. Гап эса, минглаб километр чуқурликда кечаётган жараёнлар ҳақида бормоқда…

- Нима, ушбу "тухум"нинг "сариғи"га етолмаймизми?

- Йўқ, албатта. Биз сайёрамиз қаърида қудратли магнит майдони ичра ток қандай тақсимланишини яхши билмаймиз. Очиғини айтсам, оёғимиз остидаги замин қаърида қандай жараёнлар кечаётганидан кўра, юлдузлар ва галактикалардаги жараёнларни яхшироқ биламиз.

Юрий Юрьевич кўп йиллар Фанлар академиясининг махсус астрофизика обсерваториясини бошқарган, ҳозирда Россия Фанлар академиясининг илмий раҳбари ва вице-президенти. Унинг фикрлари мантиқли ва асосли, кишида шубҳага ўрин қолдирмайди. Лекин барибир фанни баҳс-мунозарасиз ривожлантириб бўлмайди. Мен кўп марта гувоҳи бўлганим ва ҳайратда қолганим қутб ёғдусини назарда тутяпман, дея давом этади Владимир Губаров. Ҳақиқатан ажойиб ва ҳайратомуз ҳодиса.

Аммо биз илмий билимларга маҳкуммиз. Биламиз, бу ҳодиса - қуёш шамоли, Ер атмосферасига урила туриб турли баландликларда зарраларнинг ёришишини ҳосил қилади. Қуёшда чақноқ юз берганида қутб ёғдуси кучаяди, уни ўрта кенгликларда ҳам кузатиш мумкин. Бир куни москваликлар Ердан осмонга қадар туташиб кетган қудратли қизил устунни кўришган… Биологларнинг таъкидлашларича, совуқ мамлакатлардан иссиқ ўлкаларга йўл олган қушлар галасининг йўлдан адашмай манзилга етиб боришига ёрдам берувчи ҳам қутблар магнит куч чизиғи экан.

- Ер магнитосферасини ўрганиш давом этаётгандир…

- Албатта, ҳозирда сунъий қутб ёғдуси ҳосил қилиш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда. АРАКС деб номланган тажрибани россиялик ва франциялик мутахассислар амалга оширдилар. Ҳинд океанининг жанубий қисмида Кергелен оролидан ракета учирилди. Ундан 200 километр баландликда қудратли электрон нур тарами тарқатилди. Кергелен ороли устида ва Архангельск областида қутб ёғдуси пайдо бўлди. Бу тажриба Ер магнитосфераси қандай ҳосил бўлишини ўрганишда қўл келади.

- Эҳтимол, ўша ҳодиса қутбларнинг силжишига таъсир этаётгандир. Сизнинг хулосангиз…

- Барчани тинчлантирмоқчиман. Инсоният бир неча минг йил хотиржам яшаши мумкин, кейин нима бўлади, буни билмайман…

Шундоқ қилиб, энг катта хавф магнитосферадаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Бу - радиация. Агар Ердаги тирик жонзотлар ҳимояси сусайса, қудратли космик нурланиш ҳаммасини йўқ қилади. Магнит қутб­ларининг силжиши инверсия - ўрин алмашиш жараёни бошланганлигини билдиради. Аммо магнитли инверсия даври одамлар ва бутун табиат учун ҳалокатли таъсир қилиши мумкин эмас.

Тўғри, бошимизга кўп кулфатлар келиши мумкин. Булар - иқлим ўзгариши, табиий офатлар, Антарктида ва Арктикада қор эриши, зилзилалар, экологик фожиалар… мен дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган урушларни айтмадим. Буларнинг олдида магнитосфера ва унинг силжиётган қутблари келтирадиган кулфат ҳеч нарса бўлмай қолади, бироқ уни унутиш ҳам керакмас.

Қисқартирилган ҳолда Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.