Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қутқарувчилар трактор ағдарилиши оқибатида жабрланган эркакни МИ-171 вертолётида касалхонага етказишди

Жорий йилнинг 22 апрель куни ФВБ навбатчилик қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали томонидан трактор ағдарилиши натижасида жабрланган оғир аҳволдаги фуқарога ёрдам кўрсатиш зарурлиги бўйича мурожаат тушган, деб хабар бермоқда uznews.uz Ўзбекистон ФВВга таяниб.

Қашқадарёда трактор ағдарилиб кетди: қутқарувчилар жабрланувчини вертолётда эвакуация қилишди

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б. М. бошқарувидаги трактори билан дала майдонига экин экиш вақтида, сурункали ёмғир ёғиши таъсири ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида ағдарилиб кетган.

Натижада, оғир тан жароҳати олган Б. М. Оққишлоқ аҳолиси томонидан қишлоқ врачлик пунктига олиб борилган. Мутахассисларнинг кўриги натижасида, жабрланган фуқарога шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланиб, беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказиш эҳтиёжи юзага келган.  Бироқ ноқулай об-ҳаво, йўллардаги носозлик, қолаверса, қишлоқ ва туман маркази ўртасидаги олис масофа туфайли беморга зудлик билан ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаган.

Шу муносабат билан, Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг мурожаати асосида Жануби-Ғарбий алоҳида ҳарбий округ томонидан беморни эвакуация қилиш учун МИ-171 вертолёти ажратилиб, фуқаро Б. М. қутқарувчилар назорати остида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига етказилган.

Бемор аэродром ҳудудидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказилган. Ҳозирги вақтда беморга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.