Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рангли металларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан рангли металл парчалари ва чиқиндиларни ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даври давомида умумий қиймати 43,4 миллион сўмлик 8778 килограмм рангли металл парчалари ва чиқиндилари ашёвий далил сифатида ушлаб қолинган.

Хусусан, Самарқанд тумани “Истиқлол” кўчасида яшовчи фуқаро У.Д. томонидан рангли металл парчалари ва чиқиндиларни олди-сотдиси билан шуғулланаётганида қўлга олинган. Унинг хонадонидан умумий қиймати 2,1 млн. сўмлик 380 кг. рангли металл парчалари ва чиқиндилари сақланаётганлиги аниқланган. Ҳозирда фуқаро қилмиши учун қонун олдида белгиланган тартибда жавоб бермоқда.

Қонунбузарлик учун жазо муқаррар. Шу ўринда яна бир бор қонунчиликдан бехабар фуқароларга эслатиб ўтмоқчимиз.

Амалдаги қонунчиликка кўра, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил18 октябрдаги “Рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рангли металл парчалари ва чиқиндиларини фақат «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ тайёрлаши ва қабул қилиши белгилаб қўйилган.

Унутманг, қонунни билмаслик жавобгарликдан халос этмайди. Рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш амалдаги қонунчиликка кўра, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.