Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россия Қаҳрамони Шаҳрисабздаги ўқувчилар олимпиадасида ғолиб бўлган

Юртимизда меҳмон бўлиб турган Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси 13 апрель куни Самарқандга ташриф буюрди.

Фазогир-учувчилардан иборат делегация аъзолари Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара-мажмуасини заёрат қилди. Меҳмонларга бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг Россия қаҳрамонлари Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр ёдгорликлари, Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонаси билан яқиндан танишди.

– Самарқандга бундан қирқ йиллар олдин, мактабда ўқиб юрганимда  сайёҳатга олиб келишган, – дейди Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия Қаҳрамони Владимир Шаманов. – Илк танишувданоқ бу шаҳарни яхши кўриб қолганман ва ҳозир ҳам Ўзбекистондаги шаҳарлар орасида Самарқанд менга жуда ёқади. Бу замин азалдан маданият, цивилизация маркази сифатида ном қозонган. Қолаверса, буюк саркарда Амир Темур давлатининг пойтахти сифатида янада гуллаб-яшнаган. Дарвоқе, Амир Темур ҳақида гап кетганда, мен у туғилиб ўсган Шаҳрисабзда ўқувчилик пайтимда математика ва физика фанларидан олимпиадада қатнашиб, совриндор бўлганимни яхши эслайман. Умуман, иккинчи она Ватаним бўлган Ўзбекистонга бу галги сафарим ҳам кўп хотираларни ёдга солди. Меҳмондўстлик ва самимий муносабатлардан бошимиз кўкка етди.