Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россияда черков қурилишига қарши намойишлар уюштирилаяпти

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида черков қурилишига қаршилар охирги ҳафтада иккинчи марта рухсат этилмаган намойиш уюштирдилар. Полиция намойишчилардан бир нечтасини қамоққа олган.

Гап шундаки, Екатеринбургда, 2023 йилда, шаҳарнинг 300 йиллиги ўтказиладиган тантаналар вақтида очишни мўлжаллаб черков қурилишини бошлашди. Аммо бу қурилиш шаҳар аҳлининг қаршилигига дуч келди. Сабаби, шаҳар мэри черковни екатеринбургликлар ҳордиқ чиқариб, дам оладиган шаҳар марказидаги хиёбонда қураяпти. Бу эса шаҳар аҳлига ёқмаяпти.

Черков қурилиши бундан олдин шаҳарнинг бошқа жойида қурилиши мўлжалланган эди. Аммо икки марта ҳам у қаршиликка дуч келиб, охири шаҳар хиёбони танланганди. Бироқ бу ерда ҳам унинг қурилишига қаршилик олдингилардан ҳам кучлироқ тарзда бўлаяпти.

Шаҳар мэри яқинда черков қурилишига қаршилар билан жонли мулоқот ўтказган эди. Аммо, ўша мулоқотда улар билан ўзаро тил топишишнинг мутлақо иложи бўлмаган. Мулоқотда черков қурилишига қарши бўлганлар "аслида черков қурилишига қарши эмасликларини, аммо уни шаҳар четида қурилиши лозимлигини, шаҳарни ичида унга жой йўқлигини, хиёбон эса шаҳар аҳолисига черковдан ҳам кўра муҳимроқ жой эканлигини" таъкидлашган. Бу эса 2023 йилда шаҳар ташкил топганининг 300 йиллигини "оламшумул" тарзда нишонламоқчи бўлаётган шаҳар мэриясини қониқтирмаган. Шу туфайли улар хиёбон ўрнида черков қурилишини  давом эттиришга қарор қилишган.

Шаҳар аҳли эса бунга асло рози эмас. Улар, "агар черков қаршиликларга қарамай зўравонлик билан хиёбон ўрнида қурилса, лаънатланган бу черковга шаҳар аҳлидан ҳеч ким кирмаслигини" маълум қилишган.