Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россиядан ташриф буюрган депутатлар сабабли Тбилисида ҳукуматга қарши намойишлар бошланди

Кеча, 20 июнь куни Россия давлат Думаси депутати Сергей Гаврилов бошчилигидаги делегация Проваслав ассамблеясининг парламентлараро 26-ялпи сессиясида қатнашиш учун Тбилисига ташриф буюрди.

Гаврилов ушбу ассамблеянинг раиси сифатида сессияни очиб берди.

Шундан сўнг сессия ишида катта можаро келиб чиқди. Грузия парламентидаги мухолифат вакиллари Россия делегациясининг ташрифига қарши ўз норозиликларини парламентнинг ўзида бошладилар.

Россиялик депутатлар можаро бошлангандан сессияни тарк этишди.

Грузия парламентидаги мухолиф партия вакилларининг сўзларига кўра, Гаврилов ўзича Грузия парламентининг минбарига чиқиб гапиришга ҳаққи йўқ эди. Ушбу ассамблеянинг ҳозирги раиси Греция вакили эди ва у чиқиб сессияни очиб бериши керак эди.

Мухолифат шу масалада иродасизлик қилган парламент спикери ва амалдаги ҳукуматни айблаб чиқди. Шундан сўнг вақт кеч бўлганига қарамай Грузия парламенти биноси олдига мухолиф партиянинг тарафдорлари йиғила бошладилар ва улар кириб парламент биносини эгаллаб олдилар.

Шундан сўнг воқеа жойига полиция кучлари чақирилди. Икки ўртада ҳатто куч ишлатилди. Намойишчилар полиция кучларига ҳужум қилдилар, полиция уларга қарши резина ўқлардан фойдаланди.

Грузия раҳбари содир бўлган ҳодисада россиялик депутатларни ва Россия ҳукуматини айблаб чиқди.

ОАВ хабар берилишича, ҳозир ҳам Тбилиси марказида кўплаб одамлар йиғилган. Мухолифат етакчилари ҳукуматдан истеъфо талаб қилаяпти ва акс ҳолда бутун Грузия намойишга чиқишини маълум қилган.

Шу тариқа Тбилисида ҳозирча нотинчлик ҳукм сураяпти.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.