Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саъдиновлар иши бўйича журналистлар фаоллик кўрсатди

Бугун ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 64-махсус мактаб-интернат собиқ директори Шуҳрат Саъдинов ва бошқаларнинг суд мажлисида озодликка чиқарилгани ҳақидаги хабарлар кўпчиликни бефарқ қолдирмади.
Ўтган йил июль ойида мазкур мактаб-интернатда содир бўлган воқеалар ортидан жиноят иши очилиб, қамоққа олинган Ш.Саъдинов ва унинг ходимлари охир-оқибат суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган эди.
Суднинг мазкур ҳукми бўйича берилган апелляция шикояти кенг жамоатчиликнинг, хусусан, журналистларнинг ҳам эътиборида бўлди. Очиғи, воқеа ривожи бундай бўлишига ишонмагандик. Чунки бундай тажриба камдан-кам учрайди. Қолаверса, бўлиб ўтган воқеа учун Ш.Саъдиновга шу қадар катта ижтимоий босим уюштирилдики, энг яқин одамлари ҳам туҳмат билан жиноятни фарқлолмай қолишди.
Албатта, мураккаб вазиятда масалани пухта ўрганган ва ноҳақлик билан қатъий позицияда туриб курашган ҳамкасбларимизга раҳмат, деймиз.
Бизнингча, бу ҳодиса икки томонлама ҳам фойдали бўлди. Негаки, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳалигача бирор ишни кўришда бир-биридан хавфсираб туришади. Жазони енгиллатиш мумкин бўлган ҳолатларда ҳам «Анавилар бир нарса олгансан дейишади», деган фикрда жазони максимал тайинлашади. Агар шу воқеа сабаб терговчи ва судьялар тегишли чорасини олишса, соҳа ходимлари ҳар қандай ҳолатда ўзини ҳимоя қилишни ўрганади.
Иккинчидан, бу воқеа одамларда ОАВга, жамоатчилик кучига нисбатан ишонч уйғотади, деб ҳисоблаймиз.