Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Садриддин Айнийнинг сиз билмаган қирралари ёхуд ёзувчи ҳақида нималарни биламиз?

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмалари Самарқанд вилояти бўлимлари, тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази вилоят бўлими ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида «Самарқандда  айнийшунослик» - «Айнишиноси дар Самарқанд» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари Садриддин Айний адабий мероси, ҳаёти, ижоди, унинг халқлар дўстлиги ва ёшларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишида тутган ўрни, китобдан жой олган мақолалар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.

 - Садриддин Айнийнинг 141 йиллигига бағишлаб чоп этилган мазкур китобда унинг маънавий, илмий мероси, халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқаларини ривожлантириш йўлида қилган хизматлари ҳақидаги мақолалар ўрин олган, - дейди Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний уй-музейи директори Амриддин Пўлатов. – Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳомийлигида нашр этилган мазкур китоб бир ирмоқдан сув ичиб келаётган ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шунингдек, тадбирда вилоят «Овози Самарқанд» газетаси таҳририяти томонидан ташкил этилган «Одамлар дўстликдан топадилар бахт» танлови якуни эълон қилинди ва мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ҳамжиҳатлик, тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг ёритган ғолиб журналистлар тақдирланди.

Нилуфар МАМАТОВА.