Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд ариқлари ҳақида нималарни биласиз?

Самарқандлик кекса ижодкор Талъат Абдуллаев 2017 йилда «Самарқанд суви» китобини нашрдан чиқарган эди. Фидойи отахон яқинда ушбу китобни вилоятнинг айрим ҳудудлари ҳамда Самарқанд шаҳар ариқлари, аҳоли хонадонларини оби ҳаётга қондириш билан боғлиқ муҳим маълумотлар, тарихий фактлар, лавҳалар билан тўлдириб, қайта нашр эттирди.

Қуйида ушбу китобдан вилоятимиз аҳолиси ва экин ерларини сув билан таъминлаётган Дарғом, Шавдор, Миёнқол-Хатирчи каби йирик магистрал каналлар, шунингдек, Шаар, Даштак, Оби Раҳмат, Оби Машҳад каби ариқлари ҳақидаги сизга маълум бўлмаган тавсифларини  бериб боришни маъқул топдик.

Дастлаб, Шавдор канали ҳақида. Сайтимизни кузатиб боринг, ариқлар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар Сизни эътиборсиз қолдирмайди.

Шавдор канали

Шавдор канали Табаксовхоз, Биринжақ, Украч сув тақсимлагич тўғонлари орқали Каварзор, Шўрбойи, Тошбарзу, Андижони, Кўлба, Ангар–олмос ариқларига сув етказиб беради. Бу ариқлар эса Тойлоқ ва Самарқанд тумани ҳудудидаги хўжалик ерларини оби ҳаётга қондиради.

Шавдор канали қачон, ким томонидан қазилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин ривоятларда айтилишича, Шавдор канали Хўжа Аҳрор томонидан қаздирилган. XIV аср бошларида аҳоли бу канални ҳозирги Хўжа Аҳрор қишлоғигача қазийдилар ва Шавдор шу ердан тўртта кичик ариққа бўлинади ва сув ҳозирги Тойлоқ ва Самарқанд туманлари, шунингдек, Самарқанд шаҳрига тақсимланади. Маҳаллий аҳоли сув тарқатилган жойни ҳали-хануз «Хазормих», яъни мингта қозиқ, деб атайдилар ва бу ер каттагина қишлоққа айланади.

Айни кунларда ҳам Хазормих қишлоғидан Самарқанд шаҳрига 4 та ариқ орқали сув оқиб боради. Шавдор каналининг бошланиши Навзандак қишлоғидан Хазормихгача бўлган масофа салкам 30 километр бўлиб, ўтган асрнинг 60-70 йилларида канал бошидан секундига 12-15 метр/куб сув оққан. Кейинги йилларда сувни бошқа каналларга ҳам тақсимлаш инобатга олиниб, ёз кунлари энг кўпи билан секундига 6-7 метр/куб оби ҳаёт етказилган бўлса, қишда каналда айтарли 1 метр/куб ҳам сув берилмаган.

Шавдор каналидаги сув дамланадиган биринчи бандни «Табаксовхоз», деб аташади. Сув дамланиб, биринчи Шоҳкаш ариғига боради. Тойлоқ туманининг Адас ва Шоҳкаш қишлоқлари сувдан фойдаланадилар, иккинчи ариқ «Дўлта», дея номланиб, бу ариқ сувидан Узунқишлоқ, Эски Жума қишлоқлари аҳолиси баҳраманд бўладилар. Шавдор каналининг чап томонидан сув оладиган ариқ «Боғишамол» деб аталади, уни Эрони ариқ ҳам дейишади. Бу ариқдан ўтган асрнинг 60-йилларигача Давлатобод, Найман, Найзатепа, Қизил аскар каби қишлоқлар аҳолиси сув олган. Нисбатан анча катта бўлган бу ариқ суви ана шу қишлоқлардан ўтиб, Самарқанд шаҳрининг Боғишамол ҳудуди ва Темирйўл вокзали атрофида яшаган аҳоли пунктларигача етиб борган, шунинг учун бу ариқ Боғишамол номини олган.

Ариқ кичкина эмас эди. Ундан ўтган асрнинг ўрталаригача секундига 5-6 метр/куб сув оқиб, бу ариқнинг нишабли ва тезоқар ҳудудларида иккита хўжалик ГЭСи ҳамда кўплаб ун тегирмонлари ишлаган. Ҳозирги кунда бу ариқнинг бир қисми кўмилиб, кичрайиб қолган. Боғишамолга борадиган сув боши «Хазормих»дан оқади.

Шавдорнинг иккинчи катта сув тўғони «Биринжак», деб номланган, бу жойда сув дамланиб, Тойлоқ, Қирқ тентак, Хўжа Саҳои Валий, Равот, Мулкиаёз, Сочакиболо, Сочакипоён, 8 март каби қишлоқларга боради. Учинчи сув дамланадиган тўғон «Украч» бўлиб, Найман қишлоғининг бир қисми, Украч, Мулкаёз, Чорбоғ қишлоқлари сув олади. Чорбоғ қишлоғидан пастроқда оқадиган Каварзор канали Шавдор каналидан сув олиб, Шўрбойи ва Сочак қишлоқлари ҳудудидан ўтиб, Боғитилло, Бадал, Ражабамин қишлоқлари аҳолисини оби ҳаёт билан таъминлайди. Ариқ шу зайлда оқиб, Самарқанд шаҳрининг Шоҳи Зинда мажмуи пастидан ўтиб, Сияҳоб каналига бориб қўшилади.

Каварзор каналининг Панжакент йўлини кесиб ўтадиган қисмини «Пулимуғоб» деб аташади, айримлар эса «Оби Машҳад», деб ҳам номлашади. Ўтган асрнинг 60-йилларигача Каварзор каналидан секундига 4-5 метр/куб сув оқиб, ўз йўлидаги 2-3 та сув электростанциялари (ГЭС) ва кўплаб сув тегирмонларини юргизган.