Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университетида “Гулистон” журнали ижодий жамоаси билан учрашув ўтказилди

Унда СамДУ профессор-ўқитувчилари, ёзувчи-шоирлар, журналистлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов, “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўз юритишди.

Таъкидландики, 1925 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Гулистон” журнали мамлакатимиздаги энг нуфузли ижтимоий-сиёсий, илмий-бадиий, маданий-маърифий нашрлардан бири ҳисобланади. Журналнинг илк сони “Ер юзи” номи билан чиққан эди. 1932 йилдан журнал “Ўзбекистон қурилишида”, 1934 йил “Машъала”, 1935 йил “Гулистон” номи билан нашр этила бошланди. Кейин бир муддат журнални нашр этиш тўхтади. 1967 йил январь ойидан яна “Гулистон” номи билан қайта ташкил этилди.

1994 йилдан журнал Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида “Guliston” номи билан нашр этилди. Унинг саҳифаларида адабий асарлар, долзарб мақолалар, таниқли ижодкорлар билан суҳбатлар, очерклар эълон қилинади.

Журналга 2018 йил 18 октябрдан буён таниқли журналист, адиб, Маматқул Ҳазратқулов бош муҳаррирлик қилиб келмоқда.

Тадбир давомида талаба-ёшлар журналнинг тарихи ва янгича йўналишлари, ижодкорларнинг ҳаёти ҳамда ижоди билан таништирилди. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ўлмас САЙДИНОВ.