Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд келажак жавоҳирлари”дан умид катта

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан сараланиб, вилоят ҳокимлиги захирасига олинган ёшлар билан учрашув ўтказилди.

– Ўтган йил сизлар билан илк бор учрашиб, “Самарқанд келажак жавоҳирлари” бўлган кадрлар захирасини яратган ва дастлабки ҳаракатларни бошлаган эдик, – деди вилоят ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Б.Раҳматуллаев. – Шу пайтгача ўндан ортиқ ёшлар давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ишга қабул қилинди. Кўплаб йигит-қизлар ўз мутахассислиги ва интилишларидан келиб чиқиб, лойиҳа ва таклифларини тайёрлади. Ҳозир бу лойиҳаларни амалга ошириш устида ҳам ишлаяпмиз. Бугун сизлар билан учрашувимиздан мақсад давлат раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганиш, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида олдимизда турган вазифалар ҳақида фикрлашиб олишдан иборат.

Учрашувда Б.Раҳматуллаев Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ва уларни амалга оширишда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлар форумидаги маърузаси ва унда белгиланган вазифаларга тўхталди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали бошлиғи Р.Қобилов ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш, кадрларни танлашда очиқ танлов тамойилларидан фойдаланиш бўйича маълумот берди. Ёшларни мазкур танловларда фаол қатнашишга даъват этди.

Учрашувда вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ва бу лавозимларга номзодларни танлов асосида қабул қилинишини таъкидлади.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган тадбирда “Самарқанд келажак жавоҳирлари” ҳам ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.