Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида 2015-2018 йилларда 159 та объект шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмасдан ноқонуний қурилган

Бу ҳақда Самарқанд вилояти матбуот уйида вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Самарқанд шаҳрида қурилиш ишларини олиб бориш бўйича жорий этилган янгиликлар, Шаҳарсозлик кенгаши фаолияти бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида Самарқанднинг шаҳарсозлик инфратузилмасини ривожлантириш ва сайёҳлик потенциалини янада ривожлантириш мақсадида “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси бош лойиҳа институти ҳамда хорижлик консультант-архитекторлар ва вилоятнинг салоҳиятли лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда шаҳарнинг 2035 йилгача мўлжалланган бош режаси қайта ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.

– Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 сентябрдаги йиғилиш баёнига кўра, Самарқанд шаҳрининг бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқлангунга қадар Самарқанд шаҳрида туристик объектлар ва Инвестиция дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларидан бошқа қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган – деди А.Шукуров. – Бош режанинг ишлаб чиқилиши муносабати билан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” тарихий маркази қўриқланадиган ҳудудлар чегараси, 2020-2025 йилларга мўжалланган режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-эксперт гуруҳи Самарқанд шаҳрига келиб, бош режа муаллифлари ҳамда тегишли масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда шаҳарнинг тарихий қисми ҳамда буфер зонасидаги маданий мерос объектларини ўрганди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, ҳудуддаги мавжуд маданий мерос объектларини шаҳар харитасида белгилаш ҳамда тарихий қисми ва буфер зонасида жойлашган барча турар ва нотурар жойларни хатловдан ўтказиш бўйича 73 маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Мазкур ишчи гуруҳлари томонидан Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми (Темурийлар даври ҳудуди)даги 14 маҳаллада 5741 та, янги шаҳар қисмидаги 8 маҳаллада 4025 та, тарихий ҳудуднинг буфер зонаси қисмидаги 51 маҳаллада 19 минг 445 та турар ва нотурар жой объектлари хатловдан ўтказилди.

Шунингдек, республика ишчи гуруҳи томонидан 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ва буфер зонасида қурилган барча объектларда ўрганишлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 6 февралдаги топшириғида ўрганиш натижасида 2015-2018 йилларда жами 159 та (75 та турар, 84 та нотурар жой) объект шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмасдан ноқонуний қурилганлиги кўрсатилган. Мазкур объектларнинг 18 таси республика миқёсида, 141 таси вилоят миқёсида ҳал этилиши бўйича хулоса берилган.

Бугунги кунда республика миқёсида ҳал этилиши керак бўлган 18 та объектнинг 1 тасини тўлиқ бузиш, 16 тасини қисман бузиш, 1 тасининг қурилишини тўхтатиш ҳамда ҳозирги ҳолатида қолдириш белгиланган.

Вилоят миқёсида ҳал этиладиган 141 та объектнинг 16 тасида қурилиш ишлари бошланмаган, 12 таси қисман бузилиши, 62 тасининг фасад кўринишини Маданият вазирлиги билан келишилиши, 46 тасининг шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилиб, қонунга мувофиқлаштириши қайд этилган.

Бугунги кунгача Маданият вазирлиги илмий кенгаши томонидан 141 та объектдан 96 тасининг лойиҳаси кўриб чиқилиб, 64 таси маъқулланди, 32 таси бўйича бинонинг баландлиги, фасад қисмининг тарихий муҳитга мос равишда қайта ишлаб чиқиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди, қолган 45 та объект бўйича кенгаш муҳокамасида тақдим этиш учун лойиҳа таклифлари тайёрланмоқда.

Матбуот анжуманида бундан буён Самарқанд шаҳрида қурилиш ишлари Шаҳарсозлик кенгашида муҳокама этилиб, лойиҳалар тасдиқланганидан сўнг амалга оширилиши қайд этилди.

Анжуман давомида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.